Иқтисодиёт | 11:42 / 27.01.2017
6424
2 дақиқада ўқилади

Toshiba бизнесини сотмоқда

Япониянинг Toshiba корпорацияси микрочип ва хотира қурилмалари ишлаб чиқариш бўйича ўз бизнесини сотаётгани ҳақида маълум қилди. Бу АҚШдаги атом электр станцияси қурилиши билан боғлиқ сарф-харажатларни қоплаш мақсадида амалга оширилаётган бўлиши мумкин. Бу ҳақда компания томонидан тарқатилган баёнотда айтилади.

Келишув шартлари акциядорларнинг март ойидаги йиғилишида тасдиқланиши лозим. Toshiba бу бизнес ва бир қатор бошқа активларини сотиш орқали 2,6 миллиард АҚШ доллари олиш ниятида. У 2015 йилда 970 миллион доллар операцион даромад келтирганди.

Эҳтимолий харидорлар орасида Toshiba билан Япониянинг Иоккаити шаҳрида микрочиплар ишлаб чиқарувчи заводни биргаликда бошқарувчи Американинг Western Digital компанияси бор. Шунингдек, Япониянинг Canon корпорацияси ҳам келишувда иштирок этиш ниятини билдирган.

Toshiba жорий молия йили якунларига кўра 6,1 миллиард долларлик харажатларни башорат қилди. Шу сабабли компания раҳбарияти Япония тараққиёт банкидан молиявий кўмак сўраган.

Маълумот учун, Toshiba “Фукусима-1” атом электр станциясидаги авариядан сўнг Япониянинг ўзида янги атом иншоотларини қуришдан бош тортиши туфайли турли қийинчиликларга дуч кела бошлади. Инқироз унинг АҚШдаги АЭСларни қуриш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича бўлинмаси Westinghouse Electric 2015 йилда Американинг CB&I Stone&Webster фирмасини харид қилгач, янада чуқурлашди. Бу билан боғлиқ бўлган харажатлар келишув якунлангач, аввалги башоратлардан анча кўплиги маълум бўлди. Бу эса жуда ҳам йирик чиқимларга олиб келган.

Мавзуга оид