Жамият | 13:18 / 30.01.2017
18054
2 дақиқада ўқилади

Пластик карталардаги деярли 6,5 млрд. сўм маблағларни “хизмат ҳақи” эвазига нақдлаштириб берган шахслар фош этилди

Фарғона шаҳар ДСИ ходимлари томонидан ўтказилган қисқа муддатли текширишда “Ихлос” савдо мажмуасида фуқароларга тегишли банк пластик карточкаларидаги пул маблағларини 10-15 фоиз “хизмат ҳақи” эвазига нақдлаштириб бериш билан шуғулланган “ҳожатбарор”ларнинг жиноий фаолияти фош этилди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Савдо мажмуасида хўжакўрсинга озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш билан машғул, аслида пластик карталардаги маблағларни нақдлаштириб беришни кенг йўлга қўйган А.Сабировнинг “Нексия” русумли автомобиль салони ва юкхонасидан 67 нафар фуқарога тегишли паспорт нусхалари, 258 дона пластик карталар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорга тегишли “Ҳамкор банк”нинг терминал картаси ашёвий далил сифатида олинди. Шунингдек, назорат тадбирларида яна ўндан ошиқ тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган тўлов терминалларидан ҳам фуқароларга қонунларга зид равишда нақд пуллар ечиб берилганлиги аниқланди.

Шу билан бирга, фуқароларнинг пластик карталаридаги пулларини маълум фоиз эвазига нақдлаштириб беришни ўзига касб қилган А.Аҳмедовдан 110 дона пластик карта, Д.Холматовдан 2 дона пластик карта, шундай иш билан шуғулланган Д.Расуловдан эса 99 дона пластик карталар, бир нечта хусусий корхоналарнинг тўлов терминаллари, “ҳожатбарор” Н.Абдуллаевдан 3 дона пластик карта ва нақд пуллар, 2 дона ҳисоб-китоб дафтарлари ашёвий далил тариқасида олиб қўйилди.

Тергов жараёнида корхоналар раҳбарлари ва бевосита нақдлаштириш билан шуғулланиб келган шахсларнинг жами 76 минг 704 нафар фуқаронинг пластик карталаридаги 6 млрд. 407 млн. 550 минг сўм пул маблағларини нақдлаштириб бериб, 640 млн. 760 минг сўм ноқонуний фойда кўриб, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдорда бузишганлиги маълум бўлди.

Суд ноқонуний нақдлаштиришда иштирок этган хусусий корхоналарнинг раҳбарлари ҳамда ўртада воситачилик қилган шахсларга нисбатан тегишли жазо тайинлади. 
 

Мавзуга оид