Ўзбекистон | 15:22 / 08.02.2017
105362
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳукумати Наврўз байрамини нишонлаш тартибига ўзгаришлар киритиши мумкин

Ўзбекистонда бу йили Наврўз байрамини ўтказиш тартиби аввалги йиллардагидан фарқли бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев бу йилда Наврўз байрами ўзгача нишонланишига ишора қилган. Хусусан, Алишер Навоий номидаги миллий боғда тантанали тадбир уюштирилмайди, байрам куни Тошкент шаҳридаги йўллар ёпилмайди. Шаҳардаги барча хиёбонлар ва бошқа истироҳат боғлари шаҳарликлар ва пойтахт меҳмонлари учун очиқ бўлади. 

Наврўз байрамигача бир ойдан кўпроқ вақт қолди. Ҳозирча бу борадаги ўзгаришлар ҳақида расмий маълумотлар берилмаган, Маданият ва спорт ишлари вазирлигида бу масалага ойдинлик киритиш бўйича саволга жавоб қайтаришдан бош тортишган ҳамда давлат раҳбарининг бундай фармони йўқлиги билдирилган

Наврўз байрами Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида юз йиллардан буён нишонланиб келинади. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Наврўз байрами тикланган ва 21 март куни расман байрам куни сифатида нишонланиши жорий этилган. Бу кунда жойларда концертлар уюштирилади, савдо ярмаркалари ҳамда кўпкари ташкил этилади, катта қозонларда сумалак тайёрланади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Президент Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида сўзлаган нутқида бу йил Наврўз қандай нишонланишини айтганди.

«Биз бу йил Наврўзни халқ сайли қиламиз. Ана шуни ҳамма билсин. Биз ҳозирдан тайёргарлик қилайлик. Бу йил одамлар билан мулоқот йили деб эълон қилдик. Наврўз — сайл бу. Шунинг учун мана ҳамма район ҳокимлари эшитсин — далаларда, боғларда сайл бўлади. Тошкентда ҳам мана шу 11та районимизда боғлар қуряпмиз. Биз топшириқ бердик, сайлда қатнашамиз ҳаммамиз. 

Одамлар эмин-эркин хоҳлаган боғига борсин, мазза қилсин», — деганди у.

Мавзуга оид