15 августда The New York Times газетаси Amazon компаниясидаги иш шароитлари ҳақида катта мақола чоп этди — Америка компаниясининг 100га яқин собиқ ва амалдаги ходимлари АТ-гигантига "ишчиларнинг бор имконини сиқиб олиш"га ёрдам берувчи меҳнатни оптималлаштиришнинг "аёвсиз" тизими ҳақида сўзлаб беришди. 

Facebook ижтимоий тармоғи ва Asana сервиси ҳаммуассиси Дастин Москвиц ўзининг Medium'даги блогида анъанавий 8 соатлик график нафақат ходимлар, балки компаниялар учун ҳам фойдали эканини таъкидлади. Московицнинг шу мавзудаги мақоласи vc.ru'да тақдим этилди

"Amazon — ўз ходимларига катта талаблар қўядиган ягона компания эмас. Бундай салбий муҳитдан чиқиш вақти келди. 

Ўтган ҳафтада мен Берклидаги SPARC'нинг серғайрат талабалар гуруҳи билан суҳбатлашдим. Бир неча киши менинг нималарни олдиндан билишни хоҳлашим, шунингдек иш фаолиятимнинг аввалги даври билан боғлиқ афсусларим ҳақида сўрашди - мен доим ўз ҳаётимни бошқача яшаб ўтишни исташим тўғрисидаги ғояга қайтаман. 

Мен кўпроқ ухлашни, шунингдек мунтазам равишда спорт билан шуғулланишни хоҳлардим. Нима истеъмол қилаётганимга кўпроқ аҳамият беришни истардим. Менга ўсишга ёрдам берган янги фаолият турларига кўпроқ вақт ажратишни хоҳлардим. 

Ўйлашингиз мумкин: агар устувор жиҳатларни бундай жойлаштирсангиз, умумий ишга қўшадиган ҳиссангиз камаймайдими? Эҳтимол, Facebook нисбатан камроқ муваффақият қозонган бўлармиди?

Аслида эса мен аввалгидан-да самаралироқ ишлашим мумкинлигига ишонаман: масалан, энг яхши етакчи ёки бундан-да унумдор ишчи. Ваҳималарим камроқ бўларди, соғлиғимдаги баъзи муаммолар бўлмасди. Ҳамкасбларим билан камроқ зиддиятга борардим, чунки асосий диққатни ишга қаратган бўлардим. Кичик муаммолардан камроқ ташвишга тушган бўлардим.

Қисқаси, энергиям кўпроқ бўларди ва мен ундан ақлни ишлатган ҳолда фойдаланардим. Бахтлироқ бўлардим. Мана нимадан афсусдаман: мен ўзимни икки вариантдан бирини танлаган одамдек ҳис қилмайман. Йўқ, мен икки томондан ҳам аҳмоқона қурбонлик қилганман. 

Бу ҳафтада технология саноати New York Times'нинг мақоласини фаол муҳокама қилмоқда. Кўпчилик бу мақолани бир томонлама деб ҳисобламоқда. Баъзи инсайдерлар эса компанияни оммавий ҳимоя қилишга қарор қилишди. 

Бироқ, менимча, аксарият кишилар Amazon тизими мураккаб эканлиги билан баҳслашишмайди, бу компанияда ишлаш учун эса ҳақиқатда бор кучни сарфлашга тўғри келади. Умуман олганда, бу технология саноатининг асоси ҳисобланади: номдор компанияларда ходимлар бор куч билан ишлашади - бу кўпчиликка иложсиздек туюлади.