“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги ижтимоий фикрни билиш мақсадида экспресс-сўров ўтказилди.
Уч кун мобайнида олиб борилган тадқиқотда пойтахтимиз аҳолиси иштирок этди. Респондентларнинг таъкидлашича, юртимизнинг Биринчи Президенти серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирди. Бу давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзларида ҳам яққол ифодасини топди: “Вақт ва ҳаётнинг ўзи Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг замонамизнинг улуғ сиёсатчиси, узоқни кўрадиган ва стратегик фикр юритадиган шахс, дунёда ва турли минтақаларда юз бераётган ўта мураккаб воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини давлатчилик нуқтаи назаридан кўра билиш қобилиятига эга бўлган, ўз юрти ва халқи учун, ҳар бир ватандошимизнинг тақдири учун улкан масъулият туйғусини чуқур ҳис қиладиган атоқли раҳбар эканлигини ҳар томонлама тасдиқлади”.
Экспресс-сўров фуқароларимизнинг ушбу ҳужжат мазмунидан юқори даражада бохабар эканлигини намоён қилди. Жумладан, унда қатнашганларнинг 72,3 фоизи қарорнинг мақсади ҳамда моҳиятини яхши англайди. 26,5 фоизи умумий маъносини тушунишини айтиб ўтган. Тадқиқотга қараганда, қарор мазмуни ҳақида маълумот етказган асосий манбалар Миллий телерадиокомпания ахборот ва телекўрсатувларидир. Респондентларнинг ҳар учинчиси бу ҳақда республика радиостанцияларини тинглаб билган. Сўровнинг ҳар тўртинчи қатнашчиси эса раҳбарият қабул қилаётган барча янги ҳужжатлар ҳамда қарорлар хусусида даврий нашрлар, қарийб яна шунчаси интернет-порталлар орқали ўқиб бораётганини қайд этган.
Тадқиқотда респондентларнинг 97,1 фоизи давлатимиз раҳбарининг Биринчи Президентимиз хотирасини абадийлаштириш ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаши ва унга қўшилишини эътироф этган. Улар қарорда белгилаб берилган вазифалар ҳақида сўзлар экан, айниқса, Ислом Каримов сиймоси акс эттирилган ҳайкалларни Тошкент, Самарқанд ҳамда Қарши шаҳарларида ўрнатиш, мамлакатимиздаги қатор муҳим иншоотларга бу улуғ инсоннинг номини бериш, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш ва бошқа эзгу ғояларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Фуқаролар давлатимиз раҳбарининг ҳар йили Биринчи Президентимиз таваллуд топган сана — 30 январь кунини кенг нишонлаш, 2 сентябрь санасини Хотира куни сифатида ёд этиш, олий ўқув юртлари талабалари учун Ислом Каримов номидаги Давлат стипендиясини жорий қилиш, буюк сиёсатчининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий ҳамда бадиий асарлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратиш ҳақидаги ташаббусини қўллаб-қувватлагани сўров натижаларида ўз инъикосини топди.














