Ўзбекистон | 08:52 / 10.02.2017
64226
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ички ишлар органлари фаолиятини танқид остига олди

Фото: uza.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари иштирок этди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев истиқлолнинг дастлабки йилларидан юртимизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш вазифаларига устувор аҳамият берилаётганини алоҳида таъкидлади. Бу профилактика, тезкор-қидирув, тергов, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш, патруль-пост хизматлари, алоҳида вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отрядлари қайта ташкил этилганида, ички ишлар органларининг моддий-техник базаси мунтазам мустаҳкамлаб борилаётганида намоён бўлмоқда. 

Давлатимиз раҳбари кейинги вақтларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилганини қайд этди.

Президентимиз бугун ички ишлар органлари замон талабларига нечоғли жавоб бера олаётганига эътибор қаратди. Инсон манфаатлари билан боғлиқ масалаларни кечиктирмасдан ҳал қилиш лозим бўлган бугунги кунда эскича фикрлаш, ишни эски “қолип”лар асосида ташкил қилиш, ўз бурчини элга хизмат тамойилига асосланиб эмас, балки шахсий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда бажариш каби амалиётлар давом этмоқда. 

Ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин. Лекин айрим жойларда уларнинг фаолияти одамлар эътирозига сабаб бўлмоқда. Айниқса мол-мулкка жиноий тажовуз каби салбий ҳолатларга тўлиқ чек қўйилмаган. Қасддан тан жароҳати етказиш, фирибгарлик, йўл-транспорт ҳодисалари камаймаган. 

Шавкат Мирзиёев жиноятларни очиш борасида ҳам қатор камчиликлар мавжудлигини таъкидлади. Хусусан, ўғирлик ва фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларнинг ҳар бештадан биттаси фош этилмаган. 

Жиноят-қидирув фаолиятида жиддий нуқсонлар учрамоқда, айрим жойларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасидаги ҳамкорлик талаб даражасида эмас. Қидирувда юрган аксарият шахсларнинг қўлга олинмаётгани уларга жиноий қилмишларини давом эттиришга имкон беради ва бу ғоят ташвишли ҳолдир. 

Мавзуга оид