Жаҳон | 10:47 / 14.02.2017
16232
2 дақиқада ўқилади

Рус элчиси билан гаплашган америкалик амалдор нега истеъфога чиқди?

АҚШ президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Флинн президентни рус элчиси билан муносабатлари ҳақида тўла хабардор этмагани учун истеъфога чиқди.

Флиннинг истеъфоси у ўтган йилнинг декабрида Россиянинг Вашингтондаги элчиси Сергей Кисляк билан Россияга қарши санкцияларни муҳокама қилгани ҳақидаги хабарлар ортидан рўй берди.

Fox News телеканали хабарига кўра, Флинн вице-президент Майк Пенсдан маъмуриятга ўзининг Кисляк билан алоқалари ҳақида хато маълумот бергани учун узр сўраган.

Президент маслаҳатчиси Келлиан Конуэй MSNBC телеканали учун берган интервьюсида эса Флинн Трампнинг мутлақ ишончини суиистеъмол қилгани ҳақида гапирган.

Флинн Дональд Трамп ва вице-президент Майк Пенсдан узр сўради, у аввалига рус элчиси билан суҳбати мавзуси санкциялар бўлганини инкор қилди. Кейинроқ эса Оқ уйга берган маълумотида суҳбат давомида санкциялар ҳам муҳокама этилганини тан олди.

Кисляк билан музокара ўтказганида Флинн ҳали лавозимга тайинланмаганди, шу туфайли унинг ҳаракати (АҚШ номидан иш кўриш - таҳр.) Логан Актини бузиш сифатида талқин этилиши мумкин. Бу актга кўра, хусусий шахслар АҚШнинг бошқа давлатлар билан муносабатларига аралашиш тақиқланади.

Логан Акти 1799 йилда қабул қилинган, лекин шу вақтга қадар амалда қўлланмаганди. 

Бундан аввалроқ Америка нашрлари Адлия вазирлиги Оқ уйни Флинн ва Кислякнинг алоқалари ҳақида огоҳлантиргани ҳақида ёзишганди. Адлия вазирлиги маълумотига кўра, Флинн Россия томонидан уюштирилган шантаж нишонига айланган бўлиши мумкин.

Мавзуга оид