Ўзбекистон | 17:09 / 16.02.2017
108731
3 дақиқада ўқилади

UNICEF Шавкат Мирзиёевнинг нутқига нисбатан ўз муносабатини билдирди

Болалар ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг нутқи бўйича UNICEF ўз баёнотини билдирди.

"UNICEF Ўзбекистон Республикаси Президенти Ички ишлар вазирлиги вакиллари билан учрашувида болалар ва ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратганини юксак баҳолайди.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга аъзо давлат сифатида, Ўзбекистон реабилитация ва реинтеграция жараёнлари вояга етмаган болаларнинг манфаатларини, албатта, эътиборга олган ҳолда адлия тизимида тегишли ислоҳотларни олиб боради. Бола ҳуқуқлари бўйича Қўмита жиноятчиликнинг ижтимоий илдизларини излаш зарурлигини таъкидлайди. У давлат ва жамоатчиликнинг турли даражаларида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ҳар томонлама жиҳатларни ўз ичига олган дастурларни таклиф этади.

Шуниси эътиборга лойиқки, Президент тегишли давлат идораларини ёшлар содир этган жиноятларни таҳлил қилишга, уларнинг сабабларини аниқлашга ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни кучайтиришга даъват этди.

Болалар турли сабабларга кўра жиноят содир этишлари ёки ҳуқуқбузарликка қўл уришлари мумкин. Халқаро тадқиқотларнинг натижалари кўрсатишича, бундай болалар зўравонлик, ҳақорат, менсимаслик ва экплуатация сингари ҳолатлар мавжуд бўлган муаммоли оила муҳитидан бўладилар. Шу боис ҳимояга муҳтож болаларнинг муаммоларини ҳал этиш жуда муҳимдир.

Глобал амалиёт шуни тасдиқлайдики, жиноятчиликнинг олдини олиш дастурлари ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан эмас, балки ижтимоий ҳимоя органлари томонидан олиб борилганида самаралироқ бўлади. UNICEF тегишли вазирликлар ва идораларга болалар учун адлия тизимини мукаммаллаштиришда халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқ равишда техник ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини баён этади", дейилади баёнотда.

«Муваффақиятли равишда вояга етмаганлар орасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш эрта болаликдан бошлаб ўсмирларнинг ҳар томонлама баркамол бўлишларини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар бутун жамият ва давлат тизими томонидан қилинишини тақозо этади,» - деди Саша Грауманн, UNICEF’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари. “Ёшлар жамият ҳаётида фаол роль ўйнаш учун имкониятларга эга бўлишлари лозим, ҳамда уларга жамият ривожига ҳисса қўшадиган шахслар сифатида қараш керак,» - деб қўшимча қилди у.

Мавзуга оид