Ўзбекистонда 213,1 минг кишига бир нафар депутат тўғри келади. Буни оддий арифметик йўл билан аниқлаш мумкин. Ўзбекистон аҳолиси сони (2017 йил маълумотига кўра 32 миллиондан ошиқ) Қонунчилик палатаси депутатлар сонига бўлинса (депутатлар сони 150 нафар), 213 минг 233 сони келиб чиқади.

2010 йил мартидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сони 120 нафардан 150 нафарга оширилганди. Қонунчилик палатасининг 135 нафар депутати ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланади. Ўзбекистон экологик ҳаракатидан Қонунчилик палатасининг 15 депутати мазкур ҳаракатнинг олий органи (Конференцияси) томонидан сайланади.

Таққослаш учун Европа Иттифоқи мамлакатларида бу борада ўртача кўрсаткич 1 депутатга 54 минг киши.

Жумладан, қитъанинг етакчи давлатларидан бири бўлмиш Германияда Бундестагнинг бир депутатига 123 минг киши тўғри келади. Мальтада эса 6683 кишидан бири депутат.

Аҳолиси сони 50-80 миллион атрофида бўлган Испания, Франция, Польша ва Италия каби давлатларда ўртача кўрсаткич 70 мингга 1. Германия парламентида (аҳоли сони - 80 миллион киши) 667 депутат ишлайди, Францияда (66 миллион) – 925, Буюк Британияда (65 миллион) – 1449, Италияда (61 миллион) – 952, Испанияда (46 миллион киши) – 616 депутат ишлайди.

Ўзбекистонда депутат ким?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисидаги қонунга кўра, сайлов куни 25 ёшга тўлган ҳамда камида 5 йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Қонунчилик палатасининг депутати бўлиши мумкин. 5 йил муддатга сайланади.

Қонунчилик палатаси депутатлари ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишлари мумкин эмас.

Қонунчилик палатаси депутати дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади. У Қонунчилик палатасининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд томонидан бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.