Жаҳон | 11:55 / 28.02.2017
8657
2 дақиқада ўқилади

Трампга ИШИД устидан ғалаба қозониш режаси тақдим этилди

АҚШ мудофаа вазирлиги Дональд Трампга ИШИД террорчилик гуруҳи билан Сурия ва Ироқдаги кураш бўйича бошланғич режани тақдим этди. Стратегия АҚШ президенти топшириғидан бир ой ўтиб тайёрланди, деб хабар бермоқда CNN Пентагон вакилларига асосан.

Режа ҳақида батафсил маълумот йўқ, бироқ телеканал маълумотларига кўра, стратегияда Сурия шимолига қуруқликдаги қўшинларни ташлаш эҳтимоли бор. Улар АҚШ иттифоқчилари жанги тактикасини мувофиқлаштириб, артиллерияни етказиб беради, бироқ ўзларининг жангларда қатнашиши тақиқланади. Телеканал журналистларининг тахминича, бундай қарор АҚШ иштирокини террорчилар билан тўғридан-тўғри тўқнашувга қадар кенгайтириш бўйича тайёргарлик ҳам бўлиши мумкин.

АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттиснинг CNN билан мулоқотда таъкидлашича, у режага қуруқликдаги қўшинларнинг тўлақонли киритилиши борасидаги бандни қўшмасликни сўраган. Бироқ маҳкама раҳбарининг маълум қилишича, АҚШ ИШИД билан кураш кампаниясини кенгайтиришни режалаштирган ҳамда айни дамда ҳарбий вариантлар устида иш олиб бормоқда.

23 февраль куни АҚШ ҚК штаблар бошлиқларининг Бирлашган қўмитаси раиси генерал Жозеф Данфорд ИШИД билан кураш бўйича янги режа ҳақида ўз фикрларини билдирди. Унинг фикрича, стратегияда террорчиларни Сурия, Ироқ, Яман, Ливия ва Афғонистонда йўқотиш тактикаси бўлиши керак. Шунингдек унинг таъкидлашича, АҚШ Туркиянинг Суриядаги ИШИДга нисбатан ҳарбий позициясини ўрганиб чиқиши керак.

2017 йилнинг 23 февраль куни эса The Washington Post нашри ўз номини ошкор этмаган манбаларга асосан АҚШ ИШИДни йўқ қилиш бўйича янги режа доирасида Россия ва Туркия билан муносабатларни мустаҳкамлаши мумкинлигини хабар берди. 

2017 йилнинг 3 февралида The Washington Post Трамп маъмурияти Барак Обаманинг Суриядаги Раққа шаҳрини озод этиш бўйича режасидан воз кечганини маълум қилди. Тахминларга кўра, маслаҳатчилар режани амалиёт давомида Россия ва Туркия билан ҳамкорлик стратегияси яхши ўйлаб чиқилмагани туфайли танқид остига олишган.

Мавзуга оид