Жаҳон | 11:51 / 02.03.2017
9415
2 дақиқада ўқилади

АҚШда навбатдаги можаро: Бош прокурор ўтган йилда Россия элчиси билан 2 марта гаплашган

АҚШ бош прокурори Жефф Сешнс ўтган йилда, мамлакатда президентлик сайловидан олдинги сайловолди кампанияси вақтида Россиянинг Вашингтондаги элчиси Сергей Кисляк билан икки марта мулоқот қилган. Бу ҳақда The Washington Post хабар тарқатди.

Нашрнинг хабарига кўра, Жефф Сешнс ҳали сенаторлигида, ўтган йилнинг сентябрида ўз офисида Кисляк билан телефон орқали мулоқот қилган. Яна бир учрашув эса 2016 йил июлида ўтказилганди.

Қайд этилишича, Сешнс бу учрашувлар ҳақида АҚШ Конгрессидаги тинглов вақтида хабардор қилмаган. Конгрессда ундан Россия вакиллари билан алоқалари бор-йўқлигини сўрашганди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Майкл Флинн лавозимга тайинланишидан олдин, ўтган йил декабрида Россия элчиси билан мулоқот қилгани ортидан юзага келган можаро туфайли истеъфога чиққанди.

9 февраль куни АҚШ сенати Жефф Сешнсни мамлакат адлия вазири ва бош прокурор этиб тасдиқлаганди. Унинг номзодини 52 сенатор қўллаб-қувватлаган, 47 киши қарши чиққанди. Сешнс 22 кишидан иборат Трамп маъмуриятининг сенат томонидан маъқулланган саккизинчи аъзоси бўлганди.

30 январь куни Обама маъмурияти томонидан тайинланган Салли Йейтс Адлия вазири ва бош прокурор лавозимларини бажаришдан четлатилганди. У президент Дональд Трампнинг миграция ҳақидаги фармонини судда ҳимоя қилишдан бош тортганди. Ўз навбатида, Оқ уй Йейтсни хоинликда айблаганди.

2016 йил февралида, сайловолди жараёнида Сешнс Трампни қўллаб-қувватлаган биринчи сенатор бўлган эди.

Мавзуга оид