Ўзбекистон | 12:55 / 08.03.2017
36740
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Туркия 1 млрд доллардан ортиқ ҳужжатлар тўпламини имзолади

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов раҳбарлигидаги делегация 2017 йил 26 февралидан 2 март кунигача Туркияга ишчи сафарини амалга оширган эди. Улар Ўзбекистон ва Туркия давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувида эришилган келишувларни қайта ишлаш ва ҳаётга татбиқ этиш доирасида туркиялик ҳамкорлар билан учрашув ўтказишди

Ўзбекистон делегациясини Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Бош вазири Бинали Йилдирим қабул қилди. Туркия раҳбарлари Ўзбекистон билан муносабатлар ривожланиши ҳамда унинг савдо-иқтисодий соҳада ортиб бораётган салоҳиятини юқори баҳолашган.

Жаҳон ахборот агентлигининг хабар қилишича, Ўзбекистон делегацияси Туркия бош вазири ўринбосари, ўзбек-турк савдо-иқтисодий ҳамкорлиги бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг ҳамраиси Туғрул Туркеш, иқтисодиёт вазири Ниҳат Зейбекчи, маданият ва туризм вазири Наби Авжи ҳамда йирик холдинглар, компаниялар ва хусусий сектор вакиллари билан учрашув ўтказган. 

Шулар қаторида Ўзбек-Турк бизнес-форуми, «давра суҳбатлари», Истанбул ва Анқарада амалий учрашувлар ташкил этилди. Уларда икки томондан соҳа маъмуриятлари ва компаниялар вакиллари иштирок этишди. Мазкур учрашувлар натижасида 1 млрд АҚШ долларидан зиёд ҳужжатлар тўплами имзоланди. 

Томонлар иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш йўналишларини ҳам аниқлаб олишди. Бунинг учун Ўзбекистонда ташкил этилаётган ЭИЗларда улкан имкониятлар мавжуд экани таъкидланди. 

Шу билан бирга, Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Транспорт коммуникациялари соҳасида ўзаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, Боку-Ахалкалаки-Карс темир йўл линияси икки мамлакатни бевосита боғлайдиган транспорт йўлагини барпо этишдек стратегик масалани ҳал этишга ва савдо-иқтисодий алоқалар ривожига хизмат қилади. 

Турли қўшма анжуманлар иштирокчилари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш икки халқ манфаатларига жавоб бериши борасида якдил фикр билдиришди. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил ноябрь ойида Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан Самарқандда музокаралар ўтказган эди. Эрдўған ўшанда республиканинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Ўша учрашувда Туркия Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга муҳим аҳамият бериши таъкидланган эди. 

Мавзуга оид