2017 йил 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «2017 йил 18 март шанба дам олиш кунини 2017 йил 20 март душанба кунига кўчириш тўғрисида»ги қарорга имзо чекди.

Президент қарорида умумхалқ Наврўз байрамининг мамлакат маънавий ҳаётидаги катта ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб ҳамда аҳолининг дам олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

2017 йил 18 март шанба дам олиш куни 2017 йил 20 март душанба кунига кўчирилди ва иш куни деб ҳисобланди.

2017 йил 20 март душанба куни дам олиш куни деб эълон қилинди.

Мазкур қарор ҳақида интернет тармоқларида хабар тарқалгач, кўпчиликда душанба куни кимлар дам олиши бўйича саволлар пайдо бўлди.

Ўқувчилар сайт таҳририятига бу борада маълумот сўраб мурожаат қилишмоқда. Ижтимоий тармоқларда ҳам фойдаланувчилар бу борада ўз фикрларини билдиришмоқда. Унга кўра, 19 март, якшанба куни 6 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган учун иш куни ва таълим муассасаларида ўқиш кунлари деб эълон қилиниши мумкинлиги айтилган.

«Меҳнат вазирлигининг 2017 йил 17 мартдаги иш вақтлари ҳажми бўйича маълумотда, 6 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиганлар учун март ойида 25 кун иш куни бўлиши маълум қилинган. Бу дегани ёки якшанба, ёки душанба куни иш куни бўлади. Бироқ Президент қарорида душанба дам олиш куни деб эълон қилинганлиги сабабли, катта эҳтимол билан якшанба куни иш куни бўлса керак», дейилади жумладан.

Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги якшанба кунини ўқиш деб эълон қилиш ҳақида буйруқ тайёрлаётгани ҳақида хабарлар мавжуд.

«Кун.uz» сайти бу ҳақда маълумот олишни истаб, тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб, расмий маълумот олишни истади. Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги кун давомида қўнғироқларга жавоб қайтармади.

Халқ таълими вазирлиги эса жума куни тугаётган маҳалда бу борада лойиҳа тайёрланаётгани, аниқ маълумот тез орада бўлишини билдирди.

Меҳнат вазирлигидаги манба 6 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиганлар 19 март куни дам олиб, 20 март куни, яъни президент томонидан дам олиш куни деб эълон қилган кунда ишлаши ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга у бу маълумотни расмий деб айта олмаслигини қўшимча қилди.