Ўзбекистон | 09:55 / 17.03.2017
11228
2 дақиқада ўқилади

ЕТТБ президенти: Ўзбекистон билан алоқаларимизнинг янги босқичи бошланди

Фото: ЎзА

16 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабартини қабул қилди.

Банк президенти Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси, ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақида гапирган.

«Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни, мамлакатни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаймиз. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси билан танишганимиздан хурсандмиз. Ушбу стратегия ҳар томонлама пухта ўйлаб ишлаб чиқилган ва жуда истиқболли. Унда белгиланган чора-тадбирлар халқ билан муҳокама қилингани, мутахассисларнинг фикр ва таклифлари инобатга олингани эътиборга молик. Бу Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилидан кўзланган мақсадни ифодаловчи ёрқин мисоллардан биридир. 

Мазкур Ҳаракатлар стратегиясининг барча йўналишлари банкимиз бизнес моделига мос келади. Уни амалга оширишда иштирок этишдан мамнунмиз. 

Ўзбекистон билан алоқаларимизнинг янги босқичи бошланганини мамнуният билан қайд этмоқчиман. Турли даражадаги мулоқотларда, хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда ҳамкорлигимизнинг ўзаро манфаатли ва истиқболли йўналишларини белгилаб олдик. Хусусий секторни қўллаб-қувватлаш банкимиз фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир. Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Бу борада қатор лойиҳаларни амалга оширмоқчимиз. 

Банк-молия соҳасини такомиллаштириш бўйича консультатив хизмат кўрсатиш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, корпоратив бошқарувни ривожлантириш ишларига ҳисса қўшиш ниятидамиз. 

Инфратузилма, коммунал, агросаноат, энергетика ва бошқа соҳаларда ҳам қатор ўзаро манфаатли ва истиқболли лойиҳалар мўлжалланмоқда. 

Ушбу соҳаларни қамраб олган қўшма Ҳамкорлик дастури ишлаб чиқилади. Унинг амалга оширилиши ўзаро алоқаларимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади», деган у.

Мавзуга оид