Спорт | 10:34 / 29.03.2017
12609
2 дақиқада ўқилади

Бразилия ЖЧ йўлланмасини қўлга киритган илк терма жамоага айланди

Бразилия терма жамоаси 2018 йилги Жаҳон чемпионати учун саралаш босқичида муддатдан олдин йўлланмани қўлга киритган илк терма жамоага айланди.

Бу Уругвай терма жамоаси Перуга мағлуб бўлгач маълум бўлди. Эндиликда КОНМЕБОЛ ҳудудидаги саралаш гуруҳида Бразилия 33 очко тўплаган ҳолда пешқадам қилмоқда ва энг яқин таъқибчиси Колумбияни 9 очкога ортда қолдирмоқда. Кетма-кет учинчи мағлубиятдан кейин Уругвай 23 очкоси билан учинчи ўринда қолди. Энди пентакампионлар қолган 4 турда қандай натижалар қайд этилишидан қатъи назар тўртинчи ўриндан тушиб кетмаслиги кафолатланди. Шу тариқа Бразилия Россиядаги жаҳон чемпионатида иштирок этиши аниқ бўлган иккинчи терма жамоага айланди, мезбонлар бу ҳуқуқни тўғридан-тўғри қўлга киритишган.

Айни вақтда гуруҳда тўртинчи ўринда Чили жойлашган (23 очко), бешинчи ўринда Аргентина (22 очко), олтинчида Эквадор (20).

Кейинги турда Бразилия 31 август куни Эквадорни қабул қилади, Чили Парагвай билан, Венесуэла Колумбия билан, Перу Боливия билан, Аргентина эса Уругвай билан ўйнайди.

Бу минтақада саралаш босқичи 2017 йилнинг октябрида якунланади. 4 жамоа тўғридан-тўғри йўлланмага эга бўлади, бешинчи ўрин эгаси эса Океания вакилига қарши ўтиш ўйинида иштирок этади.

Мавзуга оид