Жамият | 11:42 / 30.03.2017
32902
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг оғир одам операция қилинишга тайёрланмоқда

6 йилдан бери семизлиги туфайли тўшакка михланиб қолган, дунёдаги энг семиз одам деб эътироф этилувчи 32 ёшли мексикалик Хуан Педро Франконинг азоблари тугаши мумкин. Акваскалиентес шаҳрида яшовчи Хуаннинг ўзи унинг ошқозонида ўтказиладиган шунтлаш операцияси жуда бўлмаса унга уйидан чиқишга ва озми-кўпми нормал ҳаёт кечиришга имкон беришига умид қилмоқда.

Охирги 6 йил Хуан баъзида 595 килограммгача етган улкан вазни сабабли тўшакдан тура олмаган. Операция 9 май кунига белгиланган. Шифокорлар бу операция эвазига Хуан жуда бўлмаса ярим вазнини ташлашига умид қилишмоқда. Хуан операциядан олдин озиши кераклиги сабабли 3 ойга парҳезга ўтқазилди.  

У ҳозирда Гвадалахарадаги озиш учун мўлжалланган махсус клиникада қолмоқда. У бу ерга ўтган йил ноябрида махсус фургонда олиб келинган. Унинг клиникага келгандаги вазни 590 кг ни ташкил қилган. Хуан операциягача 175 кг га озиши керак эди.  

"У деярли вазнининг учдан бирини ташлади ва операцияга деярли тайёр", деб айтди жарроҳ Хосе Антонио Круз.

Шифокор операцияга катта умид билан қарамоқда, бироқ баъзи асоратлар бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Унинг айтишича, биринчи жарроҳлик аралашувидан кейин яна битта операция ўтказиш талаб қилинади.

Хуан Франко ўзига ўхшаш семиз одамларни муқаррар ўлимни кутиб ўтирмай, уят ва қўрқувни бир четга суриб, шифокорларга мурожаат қилишни тавсия қилмоқда. Хуан даволангач, рақс тушиш, қўшиқ куйлаш ва машина ҳайдаш каби азалий орзулари рўёбга чиқишига ишонмоқда.
 
Хуан ёшлигидан шунақа семиз бўлган. У 6 ёшида 60 кг келган, 17 ёшида эса вазни 220 кг ни ташкил қилган. Унинг жадал семиришига автофалокат сабаб бўлган, у фалокат оқибатида бир йилдан кўпроқ тўшакка ётиб қолган.

Мавзуга оид