«Кун.uz» сайтида Қўқон шаҳридаги газ таъминоти аҳволи ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида шу йил март ойининг 22-санасидан сўнг кетма-кет нохуш хабарлар ва таҳлилий материаллар ёритилган эди.

Жумладан, «Қўқонда ташкилотлар масъулиятсизлиги оқибатида икки навқирон йигит мажруҳ бўлиб қолди» сарлавҳаси остида «Қўқоншаҳаргаз» томонидан газ билан таъминланувчи Данғара тумани ҳудудидаги Ойдин кўчаси, 78-уйда 18 март куни рўй берган газ портлашидан сўнг танаси куйган ака-укалар ҳақида хабар берилган эди.

Тиббиёт вакилларининг саъй-ҳаракатлари, яқинларининг илтижою дуоларига қарамасдан, 25-март куни 20 ёшни тўлдирган Абу Бакр Шералиев танасининг қаттиқ куйиши оқибатида ҳаёт билан видолашди.

Орадан икки кун ўтгач, 27 март куни Абу Бакрнинг 22 ёшли акаси Билол Шералиев ҳам оламдан ўтди.

Фожиада қурбон бўлган ака-ука Шералиевлар

Умуман, ушбу вазиятни ўрганиш, Қўқон аҳолисининг газ таъминоти қай аҳволдалиги ҳақида шаҳарликлар билан суҳбатлашганимизда, газ таъминоти бошқа коммунал хизматлар каби аянчли аҳволда эканлигининг гувоҳи бўлдик.

Фуқароларнинг айтишларича, шаҳарда электр энергияси ҳам кўп ўчади. Газ таъминоти эса ҳовлилар ва кўп қаватли уйларни деярли қамраб олган бўлса ҳам, ишлар техник томондан кўнгилдагидек эмас.

Совуқ кунларда қувурлардаги газнинг босими ҳамма жойда ҳам камаяди, бу табиий ҳол. Чунки кўп қаватли уйларнинг иссиқлик таъминоти тўлиқ ишдан чиққан. Одамлар қишда газ ёқиб, жон сақлашади. Уларни ҳам тўғри тушунмоқ керак. Бунинг оқибатида газ сарфи ортиб, унинг ҳажми камаяди. 

Бу ҳолатга қўқонликлар ўзига хос ечим топишган. Айримлар газ сўриш учун хонадонига кичикроқ насос ўрнатиб олгани, бундай насослар бозорларда ҳам сотилаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Бироқ Қўқонда бу иш каттароқ кўламда амалга оширилган экан: маҳаллалар аҳолиси ўзаро пул ташлашиб, газ сўришга йирик компрессорларни жалб қилишган.

Компрессорларки, қувурлардаги газ босимини ҳаддан ташқари юқори қилиб берувчи, кўпроқ автомобилларга сиқилган, суюлтирилган газ қуйиш шохобчаларида фойдаланиладиган матоҳ бўлиб, ундан фойдаланиш — хавфсизлик техникаси талабларига мутлақо жавоб бермайдиган тадбирнинг ўзгинаси.