Ўзбекистон | 00:53 / 12.04.2017
139487
2 дақиқада ўқилади

Видеоселекторда юқори лавозимли амалдорлар истеъфога чиқарилди ва ҳайфсанлар берилди

Бугун, 11 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Видеоселектор ўта танқидий руҳда ўтган. Унда дунё иқтисодиётидаги беқарор вазият хусусида сўз юритилган.

«Шунинг учун жонни жабборга бериб ишланмаса, эртага кеч бўлади», деган президент.

Мажлисда деярли барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви раҳбарлари огоҳлантириш олган, баъзи амалдорлар ишдан бўшатилган. 

«Кун.uz» манбасининг маълум қилишича, қўмита ва унинг таркибий бўлинмалари фаолиятида самарали натижаларга эришилмагани, Вазирлар Маҳакамасининг 2017 йил 14 январдаги мажлисида берилган топшириқларнинг ижроси юзасидан амалий комплекс чора-тадбирлар кўрилмагани ҳамда Ўзбекистон Республикаси президенти фармони лойиҳасини пухта ишлаб чиқишдаги шахсий интизомсизлиги учун Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Д.Ҳидоятов лавозимдан олинган. 

Мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг Назорат бўлими бошқарувчиси Ғайбуллаев Ф.Х лавозимидан озод қилинган. 

Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Х. Абдусаматовга ҳайфсан берилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Рустам Собирович Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Зокиров Б.И ва унинг биринчи ўринбосари Тўхтаев А.Р ҳам ҳайфсан олган.

Халқ таълими вазири Иноятов Улуғбек Илёсович, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори Салимов Умиджон Зокиржонович ва бошқа бир қатор бошқарув органлари раҳбарлари белгиланган талаблар ва Вазирлар Маҳкамаси регламенти қўпол равишда бузилишига йўл қўйгани танқид остига олинган.

 

Мавзуга оид