Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 апрель куни «2017—2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарор матни ва унинг шарҳи ЎзА томонидан эълон қилинган.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда 4 мингдан зиёд хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан 32,4 мингдан ортиқ кўп хонадонли уйга хизмат кўрсатилмокда.
«Шу билан бирга, ушбу тармоқда олиб борилаётган ишлар таҳлили хусусий уй-жой мулкдорларининг кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш, ундан фойдаланиш ва таъмирлаш борасидаги фаолиятида ҳал этилмаган қатор муаммолар борлигини кўрсатмоқда», — дейилган қарорнинг расмий шарҳида.
Қайд этишларича, кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланишда жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ўртасида комплекс ёндашув ҳамда ўзаро ҳамкорлик механизми шаклланмаган. Кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш борасида таъсирчан назорат ўрнатилмаган, кўп ҳолларда ундан техник фойдаланиш ва аҳолининг хавфсиз яшашини таъминлаш борасидаги меъёр ва талаблар бузилишига йўл қўйилмокда. Кўп хонадонли уйларда таъмирлаш-тиклаш ишларини ўтказишнинг қоида ва муддатларига риоя этилмаяпти, бу эса аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда.
Президентнинг янги қарори эса кўп хонадонли уй-жой фондининг техник ҳолатини тубдан яхшилаш ва ундан оқилона фойдаланиш, таъмирлаш-тиклаш ишларини белгиланган муддатларда олиб бориш, шунингдек, кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларни янада ободонлаштириш учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида қабул қилинди.
Ҳужжатда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини ташкил этишнинг асосий йўналишлари белгиланган бўлиб, улар қуйидагиларни назарда тутади:
- аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, кўп хонадонли уйларда жойлашган хонадонлардаги муҳандислик-коммуникация тизими ва умумий тарзда фойдаланиладиган инфратузилмаларни ўз вақтида ва сифатли таъмирлаш, шунингдек, кўп хонадонли уй-жой фондига туташ ҳудудларни ободонлаштириш, у ерларда болалар ва спорт майдончаларини барпо этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
- кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш бозорини ривожлантириш имконини берадиган уй-жой коммунал хўжалигини бошқаришнинг таъсирчан вертикал тизимини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
















