«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили доирасида навбатдаги сўров ўтказилди.

Мазкур сўровда кенг жамоатчилик, ёшлар, отахону онахонлар, турли касб ва миллат вакиллари, шаҳару қишлоқлар аҳолиси қатнашган.

Сўров шуни кўрсатдики, мутлақ кўпчилик учун оила ҳаётнинг барча соҳасида муҳим роль ўйнайди ҳамда ижтимоий ва ахлоқий жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Уларнинг фикрича, Ўзбекистонда кечаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар жараёнида оилавий қадриятлар фуқаролар учун умрнинг устувор мақсади бўлиб қолмоқда. Сўров иштирокчиларининг 90,7 фоизи ажримга салбий муносабатда эканини билдирган.

Таҳлилларга кўра, ўзбекистонликлар учун оила қариндошлик ҳамда никоҳ ришталари билан боғланган кишилар гуруҳи, жамият ва давлатнинг асоси ҳисобланади. Оила мамлакат барқарорлиги ҳамда хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни тарбиялашда ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу маънода, фуқаролар ўз фарзандлари, умуман, жамият келажаги учун оиланинг масъулиятини теран англаши қайд этилган.

Сўров иштирокчиларнинг фикрича, никоҳга кирувчиларнинг ёши оила қуришга таъсир этувчи муҳим омилдир. Аниқланишича, Ўзбекистон аҳолиси учун йигитларнинг 24-25 ёшда, қизларнинг эса 21 — 23 ёшда бўлиши оила қуришнинг энг мақбул пайти саналади. Оила қуришдан аввал ёшлар маълумот олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари ва энг асосийси, иқтисодий мустақил бўлишлари керак.

Иштирокчиларнинг билдиришича, ёшларнинг турмушга тайёрлиги уларнинг маънавий етуклиги ҳамда оиласи учун масъулиятни зиммасига олишга тайёр экани билан белгиланади.

Сўров аҳолининг аксарият қисми Оила кодексининг никоҳга кирувчи ёшлар тиббий кўрикдан ўтиши ва бир-бирини ўзининг соғлиғи ҳақида хабардор қилиши шартлиги ҳақидаги қоидаларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини кўрсатди.

Айни пайтда сўров жараёнида фуқароларимиз никоҳга киришда ота-она розилигининг аҳамияти ҳамда заруратини эътироф этишган. Мутлақ кўпчилик, яъни респондентларнинг 99,4 фоизи фикрига қараганда, никоҳга кирувчи ёшлар учун ота-оналарнинг оқ фотиҳаси оилавий бахтнинг, фаровонликнинг муҳим омилидир.

Фуқароларнинг фикрига кўра, оилавий муҳит боланинг комил инсон бўлиб вояга етишига кучли таъсир кўрсатади. Айнан шу сабабли ота-оналар мустаҳкам оила қандай бўлиши, эр-хотин бир-бирига ва фарзандларига қандай муносабат кўрсатиши, никоҳ — оила масаласига тааллуқли ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклиги масалаларида ўзлари ибрат бўлишлари лозим.