Жаҳон | 11:00 / 29.04.2017
10777
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг “Карл Винсон” авиаташувчиси Япон денгизига кирди

Фото: Reuters

Американинг “Карл Винсон” авиаташувчиси шанба, 29 апрель куни Цусима бўғози орқали Япон денгизига кирди. Бу ҳақда NHK телеканали хабар тарқатди.

Кема 23 апрель куни бошланган АҚШ ҲДК ва Япония ўзини-ўзи мудофаа қилиш кучлари қўшма машқларида иштирок этмоқда. Яқин орада Жанубий Корея кучлари билан ҳам қўшма машғулотлар ўтказиш режалаштирилган.

Таъкидланишича, бу тадбирлар КХДРга босим кўрсатишга қаратилган. Жума куни Шимолий Корея навбатдаги баллистик ракетани учирди ҳамда синов муваффақиятсиз якун топди. АҚШ разведкасига кўра, ракета учирилган аэродромдан тахминан 35 километр масофада қулаган.

Американинг “Карл Винсон” авиаташувчиси эса Корея ярим ороли қирғоқларига Шимолий Корея апрель ойида ракета учирганидан сўнг йўл олганди. Авиаташувчи бу ерда тахминан бир ой давомида бўлади. Зарба гуруҳига шунингдек, Lake Champlain (CG-57) ракета крейсери ва Michael Murphy (DDG-112) ҳамда Wayne E. Meyer (DDG 108) эсминецлари ҳам киради, улар Aegis тез аниқлаш тизими билан жиҳозланган.

Мавзуга оид