Дори-дармон воситалари касалликларнинг олдини олиш ҳамда уларни даволашда муҳим аҳамият касб этиши ҳаммамизга яхши маълум. Ўз навбатида давлат раҳбари томонидан фармацевтика саноатини ривожлантиришга, аҳоли ва даволаш-профилактика муассасаларини Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган сифатли, юқори самарали ва хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. 

Мустақиллик йилларида мамлакатда фармацевтика соҳасида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва мавжудларини модернизация қилиш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, жаҳон бозорида рақобатдош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ва унинг турларини кенгайтиришга қаратилган таркибий ўзгартиришлар амалга оширилди. 

Натижада 146 та маҳаллий фармацевтика корхонаси томонидан 2000 хилдан ортиқ дори-дармон воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2016 йил якунлари бўйича мамлакат фармацевтика бозорида маҳаллий дори-дармон воситаларининг улуши 55 фоизни ташкил этди. 

Шу билан бирга, тармоқда бугунги кунда олиб борилган таҳлиллар ички бозорни маҳаллий дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан янада кўпроқ тўлдириш учун республиканинг фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича янада самарали чора-тадбирлар кўриш зарурлигини кўрсатмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, дунё фармацевтика саноатида 8500 турдаги дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилаётган бўлса, уларнинг 6300 таси халқимиз эҳтиёжлари учун импорт қилинади. 

Ўзбекистондаги дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган фармацевтика корхоналарининг хорижий хомашё ҳамда материаллар импортига юқори даражада боғлиқлиги соҳа ривожига асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда. 

Маҳаллий хомашё ва доривор ўсимликлар асосида дори-дармон воситаларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига фармацевтика маҳсулотларининг маҳаллийлаштирилишини чуқурлаштириш ҳамда кенгайтириш, шунингдек, уларни тиббиёт амалиётига кенг жорий этиш долзарб масала ҳисобланади. Ҳозирги пайтда халқаро тиббиёт амалиётида фойдаланилаётган 350 турдаги доривор ўсимликлардан 71 таси республикада ташкил этилган саноат плантацияларида етиштирилади. Бу эса талаб ва эҳтиёж катта бўлган дори-дармон воситаларини маҳаллий шароитда узлуксиз ишлаб чиқариш учун етарли эмас, албатта. Шуни инобатга олган ҳолда, ишлаб чиқариш қувватларига яқин бўлган экологияси тоза ва соф бўлган туманларда янги плантацияларни ташкил этиш ривожланаётган фармацевтика соҳасининг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши, авваламбор, республиканинг фармацевтика соҳасини ривожлантиришга, дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга, маҳаллий дори-дармон воситалари бозорини ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли препаратлар билан тўлдиришга кенг имконият яратади.