Ичимлик суви таъминоти тизимини ривожлантириш ва модернизациялаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ва мақсадли дастурларни амалга ошириш асосида аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш Ўзбекистон ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ер ости сувларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва уларни ҳисобга олишни йўлга қўйиш, самарали мониторинг тизимини яратган ҳолда уларнинг захираларини янада кўпайтириш, камайиб кетиш ва ифлосланишдан муҳофаза қилиш, шунингдек, республика аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 4 май куни "2017-2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

2017-2021 ЙИЛЛАРДА ЕР ОСТИ СУВЛАРИ ЗАХИРАЛАРИДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ ВА ҲИСОБГА ОЛИШНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Қайд этилсинки, узоқ муддатли истиқболда ичимлик суви таъминоти тизимини ривожлантириш ва модернизациялаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ва мақсадли дастурларни амалга ошириш асосида республикамиз аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш ижтимоий сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Кейинги йилларда республикамизнинг аксарият минтақаларида аҳолини марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминлаш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилди. Ҳозирги пайтда 69 та шаҳар, 335 та посёлка ва 2 902 та қишлоқ аҳоли пунктлари аҳолисининг эҳтиёжлари ер ости сувлари захиралари ҳисобига қондирилмоқда.

Шу билан бирга, охирги 40-50 йилда саноат ва қишлоқ хўжалигининг жадал ривожланиши чучук ер ости сувлари ҳолатига салбий таъсир кўрсатди, бу ўз навбатида сув олиш иншоотларининг рухсатсиз қурилиши ва сувни назоратсиз олиш оқибатида конлардаги захираларнинг 35 фоизга қисқаришига ҳамда айрим манбаларда сув захираларининг тугашига олиб келди.

Республикамизнинг айрим ҳудудларида ер усти сувларини чиқариб ташлаш тармоқлари ва дренаж тизимларининг қониқарсиз ҳолати, ер ости сувлари сатҳининг интенсив кўтарилиши, шунингдек, режали асосда гидрогеологик мониторинг олиб борилмаганлиги оқибатида айрим шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ер ости сувлари сатҳининг кўтарилиши кузатилмоқда.

Ер ости сувлари мониторингининг 1 465 кузатув пунктидан иборат амалдаги тизими сув манбаларининг ифлосланишига, ер ости сувлари захираларининг камайишига ва аҳоли пунктлари ҳудудларида ер ости сувлари сатҳининг кўтарилишига олиб келаётган салбий омилларни ўз вақтида ва тўлақонли баҳолаш имконини бермаяпти.