Жаҳон | 11:26 / 08.05.2017
14290
2 дақиқада ўқилади

ОАВ Хитой ва КХДР санкцияларни четлаб ўтиб ҳамкорлик қилганидан хабар топди

Фото: cbsnews.com

ХХР давлат компанияси 2009 йилдан бери Шимолий Кореянинг БМТ санкциялари таъсирига киритилган компанияси билан қўшма корхона ташкил этган. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри корпоратив ва ҳукумат архив маълумотларига асосланган ҳолда ёзмоқда

Хитойнинг Limac Corporation ва КХДРнинг Ryonbong General Corporation 2008 йили тантал, ниобий, цирконий ва нафақат телефонлар, компьютерларни ишлаб чиқишда, балки ядро реакторлари ва ракеталар ишлаб чиқаришда зарур бўлган бошқа минералларни қазиб олиш бўйича қўшма корхона ташкил этишга келишиб олган эди, деб ёзади газета. 

Нашрнинг таъкидлашича, авваллари ушбу компаниялар ҳамкорлиги хусусида хабар қилинмаган. Уларнинг фаолияти КХДРнинг санкцияларни нақадар осон четлаб ўтгани ва Хитой билан Пхеньян учун "зарур бўлган соҳаларда" бемалол ҳамкорлик қилганини исботлайди. 

Нашрнинг ёзишича, АҚШ Ryonbong корпорациясига нисбатан 2005 йилда санкция киритган. Бунга мазкур фирманинг оммавий қирғин қуроли ишлаб чиқаришга алоқадорлиги сабаб қилиб кўрсатилган. Кейинчалик, Вашингтон рўйхатига Ryonbong Corporation компаниясида ишлайдиган 3 ходим ҳам киритилган. Уларнинг 2 нафари ўша вақтда Хитойда бўлган. БМТ эса КХДР компаниясига 4 йилдан сўнг, яъни 2009 йилда санкция киритганди. 

Limac-Ryonbong қўшма корхонаси фаолияти нақадар жиддий бўлгани ҳозирча номаълум. Ушбу икки компания алоқаларини молиявий айғоқчилик билан шуғулланувчи Sayari Analytics фирмаси аниқлаган. 

Газетага кўра, Ryongbong корпорацияси ушбу маълумотларга нисбатан изоҳ бермаган, Хитой фирмаси эса электрон мактубида қўшма корхона "тижорий асосда ҳеч қачон ишламагани", Limac 2009 йилдан бери унга барҳам беришга уриниб келганини таъкидлаган. 

Мавзуга оид