АҚШ Афғонистонга қўшимча ҳарбий контингент юборади. Бу ҳақда «Известия» Америка, Афғонистон ва Россия дипломатик доиралардаги юқори мансабли манбаларга асосан хабар берди. Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов ҳам Штатлар бу мамлакатга ҳарбийлар юборишни режалаштирганини тасдиқлаган. Дипломат маълумотига кўра, гап тахминан 5 минг киши ҳақида бормоқда.
Афғонистонда қарийб 9 минг америкалик ҳарбий хизматчи, шунингдек, НАТО давлатларидан бўлган кичик миқдордаги аскарлар бор. Манбалар маълумотига кўра, айни дамда яқин ойлар ичида Афғонистонга юбориладиган ҳарбий хизматчилар сонини муҳокама қилиш жараёни кетмоқда.
— Афғонистондаги вазият жуда мураккаб. “Толибон” ҳаракати, ИШИД ва бошқа гуруҳлар ўз фаоллигини оширди. Баҳорги ҳужум ҳақида эълон қилинди. Америка контингенти қўмондонлиги кучларни мустаҳкамлаш ҳақида маълум қилди. Оқ уй ва конгресс америкалик ҳарбийлар фикрига қўшилди. Афғонистонга юбориладиган ҳарбий хизматчилар сони муҳокама қилинмоқда. Улар тахминан 5 мингга яқин аскар бўлиши мумкин, — дея айтиб ўтган вазиятдан бохабар манба.
Москва контингентни ошириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисобламайди. АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий контингентини «вазиятни ҳал эта олмаётган генераллар илтимосига кўра ошириш» мамлакатни барқарорлаштиришда ёрдам бермайди. Бу ҳақда Замир Кабулов айтиб ўтган.
— Шуни эслатиб ўтмоқчиманки, яқинда Афғонистонда АҚШнинг 100 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси бор эди. Ғарб коалициясининг ҳаттоки шунча сондаги аскарлари ҳам ниманидир қила олишга қодир бўлиб чиқмади. Бир неча минг кишилик қўшимча кучлар нима қилиб беради? — деган Кабулов.
Аввалроқ АҚШ контингентини ошириш ҳақидаги ташаббус Америка парламентида илгари сурилди. Сенатдаги эшитувларда Афғонистондаги Америка қўшинлари қўмондони генерал Жон Николсон бу ҳақда айтиб ўтди. Ҳарбийнинг таъкидлашича, афғон хавфсизлик кучлари “Толибон” ва ИШИДга қарши етарли даражада кураша олмаяпти.
АҚШда маъмурият алмашганидан сўнг америкалик ҳарбийлар овози баралла эшитила бошланди. Афғонистондан қўшинлар олиб чиқишга ҳар доим қарши бўлган генераллар, контингентни мустаҳкамлаш лозимлиги ҳақида бонг ура бошлади. Янги мудофаа вазири Жеймс Маттис ҳам бу ғояни қўллаб-қувватламоқда.
Россия Федерациялар кенгашининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Владимир Жабаровнинг айтишича, Афғонистонда АҚШ ҳарбий контингентини ошириш вазият боши берк кўчага кириб қолганини кўрсатади.
















