Боку шаҳрида жума куни IV «Ислом бирдамлик ўйинлари»нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади. Мусобақада 54 та давлатдан уч мингдан зиёд спортчилар иштирок этиши кутилмоқда.
Ўйинларни Озарбойжон пойтахтида ўтказиш ҳақидаги қарор 2013 йилнинг июлида Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Ислом бирдамлиги спорт федерацияси ҳисобот-танлов Бош ассамблеясида қабул қилинди. Ўйинларнинг ёпилиш маросими 22 май куни ўтказилади.
Ўйинлар ташкилий қўмитаси раиси, Озарбойжон биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиеванинг маълум қилишича, спортчилар спортнинг 23 турида 16 та спорт майдончасида кураш олиб боради. Режага кўра, 1,6 минг медаллар ўйналади. Ўйинлар 50 давлатда трансляция қилинади, мусобақани миллиарддан зиёд телетомошабин кўради.
"Ал-Касс" араб спорт телеканали чоршанба куни Facebook ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида Кувайт, Ливия ва Судан ўз жамоасини жўнатишдан бош тортганини хабар қилди. Шу билан бирга, телеканал бундан қарорга нима сабаб бўлганига ойдинлик киритмаган.
Ўйинлар вақтида хавфсизликни таъминлаш учун Озарбойжон ИИВ шахсий таркибидан 12 минг киши жалб этилди. Бу ҳақда республика ички ишлар вазири Рамил Усубов хабар берган. Унинг айтишича, ўйинлар арафасида ва бевосита унинг давомида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида 2017 йилнинг январида оператив штаб ташкил этилган. Озарбойжон давлат қўриқлаш Махсус хизмати бошлиғи Вагиф Охуновнинг сўзларига кўра эса, хавфсизликни таъминлашда вертолётлардан фойдаланилади, улар Боку Олимпия стадионида Ўйинларнинг очилиш маросимида ҳаво кўтарилади. Шунингдек Озарбойжон ИИВнинг барча идоралари 5-25 май кунлари кучайтирилган режимда ишлайди, патруль-пост нарядлари сони оширилади. Барча стратегик объектларни қўриқлаш янада кучайтирилади.
Ўйинлар ўтказиладиган кунларда туристлар учун экскурсиялар ташкил этилади, музей ва галереялар иш режими вақтинчалик узайтирилади, Боку шаҳрида жойлашган театрлардаги спектакллар матнларини рус ва инглиз тилларида тинглаш имкони яратилади. Бу ҳақда Озарбойжон маданият ва туризм вазири Абулфас Гараев маълум қилган. Мамлакат ёшлар ва спорт вазирлиги раҳбари Озод Рагимовнинг сўзларига кўра эса, Ислом бирдамлик ўйинлари мусобақалари учун 500 мингдан ортиқ чипталар чиқарилади. "Очилиш ва ёпилиш маросими, шунингдек футбол ўйинларини тўғридан-тўғри эфирда трансляция қилиш режалаштирилмоқда. Бошқа мусобақалар томошабинларга спорт бюллетени шаклида тақдим этилади. Ўйинларни шунингдек Олимпия канали орқали трансляция қилиш ҳам кўзда тутилган", - дея айтиб ўтди у. Вазирнинг таъкидлашича, Ўйинларнинг очилиш ва ёпилиш маросимини ташкиллаштиришда 31 давлатдан бўлган беш мингдан зиёд ходимлар иштирок этади. “Маросимларда саккиз давлатда ишлаб чиқарилган саҳна асбоб-ускуналаридан фойдаланилади. Бу маросимлар Боку Олимпия ўйингоҳида бўлиб ўтади”, - деган вазир.















