14 май куни Facebook ижтимоий тармоғи асосчиси ва дунёнинг энг ёш миллиардерларидан бири Марк Цукерберг 33 ёшга тўлади. Шу муносабат билан HBR Цукербергнинг ишбилармонлик, шахсий ўсиш, интернет ва келажак ҳақидаги энг ёрқин баёнотларини чоп этади.

Facebook'нинг бошланиши ҳақида. «Ижтимоий тармоқ» фильми биз ҳақимизда ҳақиқатни сўзламайди. Аслида ҳаммаси бошқача бўлган. Биз Facebook'ни яратгунимизга қадар, Ҳарвард университетидан олдин, мактабда мен интернетдан фойдаланар эдим ва қидирув тизимидаги турли маълумотларни кузатардим. Қизиқ пайтлар эди. Интернетдаги мавжуд маълумотларга илк бор кириш имконига эга бўлганингизда улкан таассурот оласиз. Сиздан олдинги авлодда бундай имкон бўлмаганини англаб етасиз. Бу ажойиб бўлган ва шубҳасиз фойдали бўлган, лекин мен атрофимдаги кишиларнинг нимага қизиқишини кузатганман. Барчамиз инсонлармиз, шундай экан, бошқалар билан мулоқот қилишни истаймиз. Бу дунёни англаб етиш ва унга бошқа кишилар кўзи билан қарашга қизиқамиз... Facebook ишга тушгунга қадар интернетда бундай имконият бўлмаган. Бошқа одамларнинг ўй-хаёллари, уларнинг ҳаётида рўй бераётган воқеаларни билиш учун Google'дан фойдаланиб бўлмасди, шу боис мен инсонлар бир-бири билан маълумот алмашиши мумкин бўлган тармоқни қуришга киришдим.

Фото: Getty Images

Ғоянинг жиддий лойиҳага айланиши ҳақида. Facebook'нинг илк версиясини ишга туширган тунимиз бир умрга ёдимда муҳрланиб қолган. Биз ҳозирда бирга ишлаб келаётган дўстларимиз билан пицца еб, қачондир кимдир худди шундай дунё ҳамжамиятини тузиши ҳақида мушоҳада қилган эдик... Бироқ бу бизнинг ўзимиз эканимиз ҳақида ҳатто ўйламаганмиз ҳам... Менда дастлаб улкан компанияга асос солиш ва уни бошқариш истаги бўлмаган, мен шунчаки дўстларимиз билан алоқада бўлишга ёрдам берувчи тармоқни яратмоқчи бўлганман. Ҳеч қандай катта режалар бўлмаган. Сайтнинг биринчи версияси бир неча ҳафтага ёзилган эди, бундан нима чиқишини кузатиш қизиқ эди. Маълум вақт ўтгач, бошқа университет ва мактаблардаги болалар ҳам сайтга қўшилиш истагини билдиришди. Шундан кейин бошқа мамлакатлардаги талабалар ҳам унга қўшилмочи эканликларини маълум қилишди, бир неча йилдан кейин эса сайтимиз барчани қизиқтириб қолди.

Ёшликдаги хатолар ҳақида. Талабалик давримда анча аҳмоқона ишлар қилганман. Бироқ улар учун узр сўрамоқчи эмасман. Мен ҳақимда айтиладиган гапларнинг баъзилари тўғри, баъзилари эса - йўқ... Мен Facebook'ни 19 ёшимда ярата бошлаганман ва бу вақт ичида кўп нарса ўзгарди.