Жамият | 15:25 / 17.05.2017
10414
3 дақиқада ўқилади

Марғилонлик ёшлар шаҳар ҳокимидан ўз саволларига жавоб олишди

Ўзбекистонда ёш авлоднинг нурафшон эртасини таъминлаш, уларнинг таълим-тарбияси борасидаги ғамхўрлик намунасини янада шакллантириш, юрт барқарорлиги йўлида олиб бораётган самарали ишларини қўллаб-қувватлаш ҳамиша давлатимиз эътиборида ва эътирофида бўлиб келган. Марғилон шаҳар ҳокимлигининг катта мажлислар залида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ҳам аслида келажагимиз ворислари орзу-умидларининг рўёби ва бу борада айрим ечимини кутаётган масалаларга қаратилди. Учрашувда ёшлар ўзларини қийнаб келаётган саволларини беришди.

Шаҳноза Мусахонова - Марғилон Миллий ҳунармандчилик коллежи ўқувчиси:

“Мен айни вақтда Марғилон Миллий ҳунармандчилик коллежининг 3-босиқичида таҳсил олаяпман. Тез кунларда коллежни тамомлайман, жун маҳсулотидан турли ўйинчоқлар ҳамда опа-сингилларимиз учун шарф ва куйлаклар тикаман. Бу маҳсулотим билан Корея давлатида ўтказилган халқаро ярмаркада иштирок этдим. Мен ясаган бундай маҳсулотларга жаҳон бозорида ҳам талаб талайгина. Бироқ бу борада менга ким кўмаклашади? Маҳсулотларни сотиб, миллий ўйинчоқ ва либосларни янада тарғиб қилишни истайман”. 

Азизахон Сэитова - Иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси:

“Бугун коллежда таҳсил олаётган айрим ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги етарли даражада эмас. Улар истеъмолчи саналадилар. Айрим вақтларда ҳуқуқлари бузилганда, уларга ким кўмаклашади? Бу борада мени бир таклифим бор эди. Ёшлар ҳуқуқ ва мажбуриятларни мустаҳкам билишлари учун тўгараклар ташкил этишни истар эдим. Бу орқали тенгдошларимиз ўз ҳуқуқларини билиб олишар эди. Бироқ, бу таклифимни ким қўллаб-қувватлайди?”

Зиёдилло Абдусатторов – Банк коллежи ўқувчиси: 

“Банк иши” соҳасида таҳсил оламан. Демак, тадбиркор учун керак бўлган барча ишларни биламан. Коллежни тамомлаб тадбиркор бўлмоқчиман. Кредитга асосланиб, сочиқ ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчиман. Бироқ, ўз-ўзидан ёшман. Банк менга ишониб кредит берадими?”

Мазкур учрашувда иштирок этган Марғилон шаҳар ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаев инсон қадр-қиммати улуғланган Ўзбекистонда ҳар бир ёш бахтиёр яшашга ҳақли ва барчамизнинг мақсадимиз ҳам аввало, умидли ёшларимизга барча соҳаларда кенг йўл очиб бериш бугуннинг муҳим масалаларидан бирига айлангани хусусида алоҳида тўхталди. Мурожаат ва таклифлар билан сўз олган ёшларнинг муаммо ва таклифларини қабул қилиб, бу борада иш юритиш учун мутасадди ташкилотлар масъул этиб тайинланди.

Учрашувда шаҳардаги ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ёшлар фаолиятини такомиллаштириш, ёшларни тадбиркорликка йўналтириш каби масалалар юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирда тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган фаол ёшлар шаҳар ҳокимининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Аҳрор Зиё, Фарғона

 

Мавзуга оид