Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтаётган АҚШ ва араб-мусулмон давлатлари саммитида иштироки доирасида Ўзбекистоннинг 2016 йилнинг декабрида сайланган президенти Шавкат Мирзиёев билан илк бор учрашди. Президентлар қўл сиқишиб, бироз мулоқотга киришиш учун фурсат топишди, деб хабар беради Тожикистоннинг «Азия-плюс» портали.

Тожикистон президентининг матбуот хизмати томонидан эълон қилинган фотосуратдан президентлар ўртасидаги дўстлик мустаҳкам эканлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин:

Имомали Раҳмон, Шавкат Мирзиёев, Нурсултон Назарбоев Ар-Риёддаги саммитда илиқ суҳбат қуришди. Фотосурат Тожикистон президенти матбуот хизматиники.

Дўстлик қандай пайдо бўлди?

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов вафот этгач ва Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан сўнг ўзбек-тожик муносабатларида сезиларли даражада илиқлик кўзга ташлана бошлади.

Ўтган йилнинг 9 сентябрида, ҳали бош вазир Шавкат Мирзиёев мамлакат президенти вазифасини вақтинчалик бажараётганида у Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги бош устувор вазифалардан бири — ўз мамлакати манфаатлари чамбарчас боғлиқ бўлган Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш эканлигини айтиб ўтган эди. 

«Биз ўзимизнинг энг яқин қўшниларимиз — Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз», — деган эди Мирзиёев. 

Ўтган йилнинг 29 сентябрида Мирзиёевнинг топшириғига кўра, Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов Душанбега ташриф буюрди.

Комиловнинг Тожикистон президенти билан учрашуви мобайнида томонлар сўнгги вақтларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда кузатилаётган ижобий тенденция, жумладан, товар айланмаси ҳажмининг ошгани, савдо-иқстисодий алоқалар бўйича ҳукуматлараро комиссия ишининг фаоллашганидан қониқиш ҳосил қилишаётгани, шунингдек, юқори ва олий даражада сиёсий маслаҳатлашув ва мулоқотларни доимо қўллаб туришнинг муҳимлигини қайд этишди.