Жиззах меҳмонларни кутмоқда - “Баркамол авлод-2017” спорт ўйинларига тайёргарлик авжида
Жорий йилнинг 25-27 май кунлари Жиззах воҳасида “Баркамол авлод-2017” спорт ўйинлари ўтказилади. Мазкур спорт мусобақасига Жиззахда катта тайёргарлик ишлари кетмоқда. Жиззах меҳмонларни кутмоқда бу спорт ўйинлари Ўзбекистондаги кўплаб спорт турларига янги спортчиларни кашф этиши шубҳасиз.
Илк бор 2001 йилда академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасидаги "Баркамол авлод” мусобақаларига мезбонлик қилиб, катта тажриба тўплаган вилоят аҳли навбатдаги спорт байрамини ҳам юқори савияда ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Хиёбону майдонлар янада кўркам қиёфага кирган. Гулу гулзорлар ажойиб кентга ўзгача файз бағишлаган. Кўчаларда беллашувлар руҳини акс эттирувчи суратлар туширилган баннерлар, паннолар кўзга ташланади.
Бу галги финал босқичида 901 нафар спортчи-ўқувчи, 210 нафар мураббий, 175 нафар ҳакам ва оммавий ахборот воситаларининг 100 нафар вакили қатнашиши кутилаяпти. Баҳслар 17 спорт тури бўйича 186 медаллар жамламаси учун уюштирилади.
Мусобақалар Жиззах олимпия захиралари коллежи, Жиззах политехника институти, ушбу институт қошидаги академик лицей спорт залларида, футбол майдонлари, спорт иншоотларида ўтказилади. Қўл тўпи, таэквондо, дзюдо, эркин кураш, юнон-рум кураши, стол тенниси, волейбол, бадминтон, теннис, оғир атлетика беллашувларига мезбонлик қиладиган Жиззах олимпия захиралари коллежининг катта спорт зали, сузиш ҳавзаси, гимнастика зали ва ошхонаси замон талаблари даражасига келтирилди.
Иштирокчилар жойлаштирилиши режалаштирилган касб-ҳунар коллежларининг ётоқхона ҳамда ошхоналарини тайёрлаш ишлари поёнига етмоқда.
— "Баркамол авлод — 2017” спорт ўйинларига тайёргарлик кўришда битта академик лицей ва бешта ўрта махсус, касб-ҳунар коллежида олиб борилаётган катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш юмушлари деярли якунланди, — дейди Жиззах вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Бобур Ўсаров. — Мусобақалар ўтказилиши белгиланган таълим муассасаларига 11 миллиард 200 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилиб, спорт иншоотлари моддий-техника базасини бугунги кун талабларига мос даражага келтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Дарҳақиқат, "Баркамол авлод — 2017” финал босқичи дастури фақат спорт мусобақаларидан иборат эмас. Қатнашчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга қаратилган қизиқарли тадбирлар ҳам кўзда тутилган. Жумладан, вилоятнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштириш, адиблар, хонандалар, актёрлар, машҳур спортчилар билан учрашувлар, шунингдек, маданий-маърифий кечалар ташкил этиш режалаштирилган. Қисқаси, Жиззахда ёшларнинг катта спорт байрами ҳар томонлама муносиб ўтиши учун барча имконият ишга солинаяпти.
Жиззахдан “Kun.uz” мухбири Акмал Бинокулов
Мавзуга оид
20:04 / 21.11.2024
Отасининг ёнига кўмилган қизалоқлар: опа-сингил маст “пойгачи”нинг қурбони бўлди
09:31 / 20.11.2024
Жиззахда икки бола машина уриб кетиши оқибатида вафот этди
09:00 / 13.11.2024
1,1 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган цех аниқланди
09:25 / 06.11.2024