Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманига қарашли Мироқи шаҳарчаси ўзининг гўзал табиати, мусаффо ҳавоси ва хушманзара жойлари билан нафақат юртимиз аҳолисини, балки хорижий давлатдан келаётган сайёҳларнинг ҳам эътиборини ўзига тортиб келади. Баланд тоғлар, қир-адирлар ва шилдираб оқувчи жилғалар-у, сойлар бу шаҳарчанинг ўзига хос манзарасини акс эттиради.

Мана шу Мироқи шаҳарчасида Улоч қишлоғи жойлашган. Қишлоқ аҳолиси меҳнаткаш, самимий ва очиқкўнгил кишилар. Тоғ кишилари бўлганликлари учунми, юзлари тиниқ, ўзлари эса тетик кўринишади. Аммо сўнгги ойлар ичида бу одамларнинг бошига оғир ташвиш тушиб қолди. Гап, муболағасиз айтганда, уларнинг ҳаёт-мамоти ҳақида боради.

Кун.uz таҳририятига келиб тушган мурожаатлардан бирида шу ҳақда сўз юритилган. Жорий йилнинг март ойидан бошлаб, мазкур қишлоқ ҳудудига Шаҳрисабз туманидан чиққан барча чиқинди-ахлатларни машина-машина олиб келиб ташлаш бошланади. Бу иш бора-бора авжига чиқади ва алалоқибат вазият жар ёқасига келиб қолади.

Гап шундаки, чиқинди-ахлатлар тўкилаётган жойдан қишлоқ аҳолиси ичадиган сув йўли ўтган. Янада аниқроқ тушунтирадиган бўлсак, мазкур қишлоққа тоза ичимлик суви қувурлари ўтказилмаган. Куз ва қиш фаслларида тоғларда йиғилган қорлар, баҳор ойига келиб эриб, жилғалар ҳосил қилиб, катта анҳорга бориб тушади ва аҳоли ана шу сувдан истеъмол қилади. Булоқ сувлари ҳам шу жумладан. Тоғ ва ердан сизиб чиққан сувнинг ҳеч қандай зарар томони йўқ, аммо ана шу сув йўлига ҳар куни 20-25 юк машинасида чиқинди-ахлат ағдарилса, у ҳақиқий офатга айланади.

Мазкур масала юзасидан Улоч қишлоғи оқсоқоли Нурулла Зиёдуллаев билан кўришдик. У кишининг айтишига қараганда, мазкур улкан чиқиндихона қишлоқ атроф муҳитига салбий таъсир ўтказмоқда, чорваларни заҳарламоқда ва инсонлар ҳаётига хавф солмоқда. У киши берган маълумотларга кўра, мазкур чиқиндихона пайдо бўлгандан бери, қишлоқда 70 бошга яқин чорва нобуд бўлган. У ердан чиқаётган бадбўй ҳид бутун қишлоққа ёйилади, чивинлар эса касаллик тарқалишига сабаб бўлмоқда.

Маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашганимизда ҳам уларнинг юз-кўзидан норозилик аломатларини пайқаш қийин эмас эди. Уларнинг айтишига кўра, чиқиндихона остидан сизган сув тоза сувга қўшилгач, сув ифлосланган ва бунинг оқибатида икки нафар ёш бола – бири “сариқ” касаллиги билан, иккинчиси эса ичак йўлларининг яллиғланиш касали билан оғриб, шифохонага шошилинч ётқизилган.