Президент Тошкент шаҳридаги туманларга ташриф буюриб, одамлар билан мулоқот қилмоқда, масалаларни жойида ўрганиб, ижтимоий-иқтисодий тараққиётга доир устувор вазифаларни белгилаб бермоқда. 

Шайхонтоҳур туманида олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш асносида Шавкат Мирзиёев «Тошкент иссиқлик маркази» акциядорлик жамиятининг 3-иссиқлик марказида бўлди. Мазкур иссиқлик маркази 1970 йилларда қурилган бўлиб, тумандаги 937 объектга иссиқлик қуввати етказиб беради. 

«Бугунги кунда қозонхона ускуналари ва тармоқлар техник ва маънавий эскиргани, марказий қозонхоналар истеъмолчилардан узоқ масофада жойлашганлиги сабабли иссиқлик етказиб беришда айрим муаммолар юзага келмоқда. Тошкент шаҳрини тўлиқ энергиятежамкор локал қозонхоналарга ўтказишимиз зарур», дея президентнинг сўзларини келтиради ЎзА. 

Шу ерда Шайхонтоҳур туманида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. 

Тижорат банклари аҳолига банк хизматлари кўрсатиш билан бирга, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, даромадини ошириш, иш билан таъминлашда ҳам самарали ишлар олиб бормоқда. 

Тақдимоти ўтказилган лойиҳаларда ана шундай масалалар ўз ифодасини топган. Тижорат банклари томонидан аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги маълумотлар келтирилди. Лойиҳаларда яратиладиган иш ўринларига қараб кредитнинг йиллик ставка фоизи пасайиб боради. Битта иш ўрни яратган тадбиркор учун 9 фоиз, иккита иш жойи яратганлик учун 8 фоиз, бешта ва ундан ортиқ иш ўрни яратган тадбиркорнинг кредит ставкаси 6 фоиз қилиб белгиланади. 

Бу лойиҳалар аҳоли фаровонлигига хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир лойиҳани сифатли ва ўз вақтида амалга оширишга алоҳида эътибор бериш керак, деди давлатимиз раҳбари. 

Жорий ўқув йилида тумандаги 9 касб-ҳунар коллежини 4,5 мингдан кўпроқ ўқувчи тамомлайди. Уларнинг аксарияти билан тўрт томонлама шартнома тузилган, битирувчилар иқтисодиёт комплексига кирувчи ташкилотларда амалиёт ўтамоқда. 

Президентга тумандаги коллежларда ўқувчилар қайси соҳаларда ўқишни тамомлаётгани, кредит олиб ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшлар ҳақида маълумот берилди. 

Давлат раҳбари битирувчиларнинг биронтаси ҳам бўш қолмаслиги, уларнинг ишга жойлашишини қатъий назоратга олиш зарурлигини таъкидлади.