Ўзбекистон мустақилликка эришибдики, мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ижтимоий йўналтирилган тарзда олиб борилмоқда. Бунда аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари ҳукумат эътиборидан четда қолаётгани йўқ, аксинча жиддий тарзда қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, республикада аҳолининг ожиз қатлами, ногиронлар муаммолари билан шуғулланиш ҳам йўлга қўйилган. Бу қатлам орасида, албатта, кўзи ожизлар, кўра олмайдиганлар алоҳида ўрин тутади.  Бугунги кунда Ўзбекистонда 12та кўзи ожизлар учун мактаблар фаолият юритади, унда 2 мингдан ортиқ ногирон ўқувчилар таълим олади. Бундан ташқари, талабалар, 70 мингдан ортиқ кўзи ожиз фуқаролар бор. Уларни бирлаштириб турувчи Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти фаолият юритади. Жамият қошида турли ишлаб чиқариш бирлашмалари мавжудлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. 

Аҳолининг ушбу қатламининг таълим олиши, уларнинг китобга бўлган эҳтиёжларини Ўзбекистон Кўзи ожизлар босмахонаси таъминлайди. Таъкидлаш ўринлики, ушбу босмахонада малакали мутахассислар фаолият кўрсатади. У МДҲда бўлиб ўтган 2-Китоб санъати халқаро танловида Қуръони Каримнинг кўзи ожизлар учун махсус китобини нашрдан чиқаргани учун 2-даражали диплом билан тақдирланган. 21-асрда дунёда биринчи бўлиб Қуръони Каримнинг кўзи ожизлар учун нусхаси нашр этилгани Ўзбекистонни дунёга танитишда ёрдам берди. Кувайт ҳукумати ҳомийлигида нашр этилган муқаддас Китоб нусхаси Англия қироллик кутубхонасига ҳам қўйилган. Бундан ташқари, республикада ўтказиладиган ижтимоий жараёнлар, хусусан, сайловлар чоғида Брайл ёзувидаги сайлов бюллетенлари ҳам айни босмахонада ишлаб чиқилади.  

Аммо, май ойининг охирларида ушбу нашриёт жиддий муаммога дуч келди. Гап шундаки, ҳамма машмаша Тошкент шаҳри ҳокимининг 2017 йил 3 майдаги 543-сонли “Шаҳар Ички ишлар бўлимларини жойлаштириш тўғрисида”ги қароридан сўнг бошланди. 

Шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов имзоси билан чиқарилган қарорнинг 2-моддасида “Туман ҳокимликлари Бинолардан фойдаланиш департаменти (Ф.Мирҳайдаров) иловага мувофиқ объектларнинг балансда сақловчилари билан биргаликда объектларни ўрнатилган тартибда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси балансига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида топширилиши таъминлансин” дейилади. 

Ушбу қарор иловасида Тошкент шаҳри ИИББ балансига ўтказилаётган барча бинолар манзили, бинонинг тўлиқ ёки қисман ўтказилиши бўйича қайд этилган бўлиб, Шайхонтоҳур туманида Кирки кўчаси 32-уй манзили тўлиғича кўрсатилган. Аслида Шайхонтоҳур тумани Ўзгариш кўчаси Кирки тор кўчаси 32-уй манзили қарорда ўзгариб кетгани бошқа масала. Хуллас, иловага мувофиқ, мазкур манзилдаги асосий (2та) ва ёрдамчи бинолар бўш тургандек таассурот уйғотади. Яъни унга кўра, айни нашриёт жойлашган ҳудуд, ундаги асосий ва ёрдамчи биноларда ҳеч қандай ташкилот мавжуд эмас. Иловада мазкур манзил бўйича Кўзи ожизлар жамиятининг нашриёти жойлашгани қайд этилмаган.