Олий Мажлис Сенатининг 27 май куни бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳисобот берди. Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) сайтида вазирнинг Сенатдаги нутқи матни тўлиқ ҳолда келтирилган.

Вазир инвестицияларни жалб қилиш бўйича ишларни мувофиқлаштиришда бошқа вазирлик ва идоралар билан «тизимли муаммолар» борлигидан норозилик билдириб ўтган. 

«Ташқи ишлар вазирлиги бошқа вазирлик ва идоралар билан ишларни мувофиқлаштириш билан алоқадор тизимли аҳамиятга молик бўлган қатор муаммоларга дуч келмоқда. Улар орасида қуйидаги ҳолларни алоҳида қайд этишни истар эдим:

Биринчи, сармоялар жалб этиш масалалари юзасидан вазирлик ва идоралар ўртасидаги вазифаларда аниқ ва қатъий тақсимот мавжуд эмас.

Иккинчи, хорижий ваколатхоналаримиздан келиб тушадиган чет эллик шерикларнинг таклифлари вазирлик ва идоралар томонидан кўриб чиқилиши асоссиз равишда чўзилиши.

Кўпгина ташаббуслар Ўзбекистон учун яққол фойдали эканлиги кўриниб турган бўлса-да, улар лозим даражада қўллаб-қувватланмайди ёки инкор этилади. Одоб-аҳлоқ нуқтаи назаридан, хорижлик шерикларнинг мурожаатларига муносабат билдирмаслик мумкин эмас — ҳатто уларнинг таклифлари бизда қизиқиш уйғотмаса ҳам.

Учинчи, лойиҳа ҳужжатлари, уларнинг техник-иқтисодий асосланганлиги ва сармоявий таклифларнинг пухта тайёрланмаслиги. Ўзбекистон тармоқ идоралари ва компанияларининг сармоявий лойиҳалари ҳамда таклифларининг сифатини кўпгина хорижлик экспертлар «бўш» ёки «халқаро андозаларга жавоб бермайди» деб баҳолашади. Уларда маркетинг тадқиқотлари натижалари, таклиф этилаётган лойиҳалар истиқболлиги асосланиши, уларнинг афзаллиги ва иқтисодий самарадорлигига доир маълумотлар бўлмайди – умум қабул қилинган оддий талаблар – почта манзили, телефон ва факс рақами, электрон почта манзилини ёзишни-ку айтмай қўя қолайлик. Мутлақо кўрсатилмайди», деган вазир.

Унинг айтишича, валюта конвертацияси ва инвесторлар ҳуқуқларининг заиф ҳимояси чет эллик бизнесменларни Ўзбекистондан қочирмоқда. Иқтисодиётга хорижий маблағларни жалб этишда давом этиб келаётган паст кўрсаткичнинг сабабларини аниқлаш мақсадида ТИВ Ўзбекистонда ишлаш тажрибасига эга хорижий сармоядорлар, бизнесменлар ва молия ташкилотларининг экспертлари ўртасида сўровнома ўтказган. Улар Ўзбекистонга сармоя оқимини тўхтатиб қўяётган қатор омил ва шароитларнинг баъзилари сифатида қуйидагиларни санаб ўтган: