Сенатнинг ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди.

Қонун 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилганлиги таъкидланди. 

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2017 йил 21 апрелдаги «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий қонунга, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг регламенти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида»ги, «Парламент назорати тўғрисида»ги, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда.

Қонунда ўрнатилган тартибга кўра, Олий Мажлис Сенати ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахборотини, ташқи ишлар вазирининг ўз фаолияти ҳақидаги ахборотини йилига икки марта эшитади, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотини Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмиталарида дастлабки тарзда кўриб чиққан ҳолда йилига икки марта эшитади. 

Қонунда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бундан буён Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот бериши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раисини тайинлаш ҳамда уни лавозимидан озод этишни, шунингдек, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳисоботини эшитишни Олий Мажлис Сенатининг ваколатларидан чиқариш назарда тутилмоқда. Олий Мажлиснинг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори ўз кучини йўқотган деб топилмоқда.