29 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон, Қозоғистон, Россия, Хитой мамлакатларига ташрифлари давомида ҳамда Туркия раҳбари билан ўтказилган олий даражадаги учрашувлари якунлари бўйича имзоланган битимлар, шартномалар ва муайян соҳаларда ўзаро шерикликни ривожлантиришга доир лойиҳаларни амалга ошириш жараёнининг ҳолатини таҳлил қилиш ва баҳолашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Йиғилишда Бош вазир, унинг ўринбосарлари, тегишли вазирликлар ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошқарди.
Давлат раҳбари Ўзбекистон расмий делегациясининг Туркманистон, Қозоғистон, Россия ва Хитойга жорий йилдаги ташрифлари 2016 йилги Президент сайловидан кейинги илк хорижий сафарлар бўлиб, уларнинг натижалари стратегик шериклар билан ўзаро муносабатларни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Қайд этиш керак, ҳар бир ташриф якунида битим ва шартномалар қаторида қиймати бир неча миллиард АҚШ долларига тенг бўлган кўплаб лойиҳалар имзоланди.
Президент Шавкат Мирзиёев мазкур давлатлар раҳбарлари билан музокаралар чоғида ҳар бир лойиҳани алоҳида муҳокама қилиб, тўла амалга оширишга оид масалалар, жумладан, молиялаштириш имкониятлари юзасидан атрофлича фикр алмашди. Лойиҳаларнинг “йўл хариталари” тасдиқланиб, уларнинг босқичлари, ижро механизмлари ва масъул шахслар белгилаб олинди.
Давлат раҳбари бу борада муҳим келишувларга эришилганига қарамай, айрим раҳбар ходимлар имзоланган ҳужжатлар ижросини таъминлашга эскича ёндашаётгани, иқтисодий ҳаётимизда устувор аҳамият касб этадиган, янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш имконини берадиган бу масалага етарлича масъулият билан қарамаётганини чуқур таҳлил асосида, аниқ мисоллар орқали кўрсатиб берди.
Барча зарур ҳужжатлар қабул қилингани, янги тузилмалар ташкил этилгани, экспортчи ва сармоядорлар учун ҳар томонлама қулайлик ва имтиёзлар берилгани, бир сўз билан айтганда, мамлакатимиздаги халқаро иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик субъектларининг самарали ишлаши учун барча шарт-шароитлар яратилганига қарамасдан, ҳозирча аниқ натижалар кўзга ташланмаяпти, ижро муддатлари ортга сурилмоқда.
Бунинг сабабларидан бири ишончли хорижий шерик ва молия манбалари мавжуд бўлмаган ҳолда самарасиз лойиҳалар тайёрлаш, амалда фойда бермайдиган ҳужжатлар имзолаш ҳолатлари билан боғлиқдир. Бундай лойиҳаларнинг мониторингини юритиш бўйича тизимли иш олиб борилмаяпти. Иқтисодиётга хорижий сармояларни жалб этиш борасидаги аҳвол қониқарли эмас.
















