Балиқчи тумани Эски Ҳаққулобод қишлоғининг Янги Ҳаёт маҳалласида яшайдиган Фотима Абдуллаева (воқеа иштирокчиларининг исм-шарифлари ўзгартирилган) ярим кечаси аллақандай шовқиндан уйғониб кетди, деб ёзади “Постда” газетаси.
Ўрнидан турди-да, чироқни ёқиб, хавотир аралаш сўради:
- Ким у?
Шу пайт рўпарасида юзига ниқоб таққан киши пайдо бўлиб, дўқ урди:
- Ўчир овозингни! Йўқса ўзингни ҳам, болаларингни ҳам ўлдирамиз!
Аёл азбаройи қўрққанидан тиззалар дағ-дағ қалтираб, полга ўтириб қолди.
- Гапир, пулларинг қаерда? – дағдаға билан сўради бошқа бир ниқоб таққан йигит.
Қаттиқ қўрққанидан Фотиманинг тили калимага келмасди. Босқинчилар уй бекасини ўрнидан турғазиб, стулга ўтқизиб, скотчлаб ташлашди.
- Айт тезроқ! – дея иккинчи йигит мушт ўқталди.
- Ҳеч қанақа пулим йўқ! Илтимос, мени қўйиб юборинглар! Ҳеч кимга чурқ этмайман.
- Кимни лақиллатмоқчисан?! Бозорда тиллафурушлик қиласан-ку! Нега пулинг бўлмас экан?! Жонингдан умидинг бўлса, пулларингни қаерда сақлашингни айт!
Кўзларидан шашқатор ёш оқаётган жувон сервант томонга имо қилди. Зўравонларни сервантни титиб, 600 минг сўм пул, учта тилла узук ва бир дона тилла занжир топишди. Буям камлик қилгандек, аёлнинг қулоқларидаги зиракларни ҳам ечиб олишди. Уйда қўлга илингулик бошқа ҳеч нарса йўқлигига ишонч ҳосил қилишгач, кетишга чоғланишди. Кетиш олдидан уларнинг бири:
- Агар бировга чурқ этсанг, қайтиб келиб ўлдирамиз. Болаларингни ҳам аяб ўтирмаймиз, - деб дағдаға қилди.
Уларнинг қораси ўчгач, Фотима бир амаллаб қўл-оёғини бўшатиб, дарҳол туман ИИБга қўнғироқ қилди.
... Шермуҳаммад билан Олимжон чойхонада улфатчилик қилиб ўтиришарди. Шермуҳаммад анчадан бери ҳеч қаерда ишламасди. Олимжон бўлса Андижон шаҳридаги новвойхоналардан бирида ишларди. Шунинг учун ёши каттароқ ошнасини ўз ҳисобидан меҳмон қилаётган эди.
- Бир йўлини қилиб мўмай пул топиш керак, - дея гапни узоқдан бошлади Шермуҳаммад.
- Мен эртадан кечгача тандир бошида куймаланиб арзимас пул топаман. Рўзғор тебратишимга етади-ю, лекин бугунгидек улфатчиликларни ўйлаб қоламан.















