Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улар содир бўлганида ҳаракат қилиш бўйича яхлит давлат тизими ва унинг мувофиқлаштирувчи органи Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташкил этилди, соҳанинг зарур меъёрий-ҳуқуқий базаси шакллантирилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, бошқа вазирлик ва идораларнинг фавқулодда вазиятлар профилактикаси, уларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича имкониятларини мустаҳкамлаш борасида кўлами ва мазмунига кўра салмоқли ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш борасида кўрилаётган чоралар тизими фаолияти самарадорлигининг таҳлили шуни кўрсатадики, республика аҳолиси ва ҳудудларини муҳофаза қилиш соҳасида бир қатор муаммоли масалалар мавжуд:
биринчидан – табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлардан аҳоли ва ҳудудлар хавфсизлигини таъминлашни прогнозлаш, хавфни баҳолаш, кузатиш ва назоратини амалга ошириш масалалари билан шуғулланувчи бир қатор ихтисослаштирилган муассасалар фаолият юритаётган бўлишига қарамасдан, фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш ва прогнозлашнинг таъсирчан тизими яратилмаган, бунинг оқибатида зилзилалар, хавфли гидрометеорологик ҳодисалар, экзоген геологик жараёнлар, техноген хусусиятли авария ва ҳалокатларнинг таҳдидини ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг юз бериш хавфини аниқлаш тўлиқ амалга оширилмаяпти;
иккинчидан – Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг амалдаги ташкилий-штат бирлиги ва шахсий таркибининг камлиги фавқулодда вазиятлар профилактикаси ва уларнинг оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларни кенг кўламли ва самарали амалга оширишни таъминламаяпти;
учинчидан – айрим шаҳар ва туманларда қуйи бўғин мавжуд эмаслиги ва ривожланмагани фавқулодда вазиятлар бўлимлари томонидан профилактик чора-тадбирларни мамлакатимизда тизимли равишда амалга оширишга имкон бермаяпти, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишда юзага келадиган муаммоларни ҳал этиш борасида аҳоли билан кенг қамровли мулоқот олиб бориш ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан самарали ҳамкорлик қилишни таъминламаяпти;
тўртинчидан – Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг профессионал қутқарув отрядлари маъмурий марказларда жойлашгани олис туманларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва улар содир бўлганда қутқарув отрядларининг жалб этилишида муайян қийинчиликлар туғдириб, уларни фақат фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишларигагина жалб этиш билан чекланилади;
















