Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.
Фармон билан қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
тинчлик ва ҳарбий даврда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш, гидротехника иншоотларининг барқарор ишлаши, гидрометеорологик ва сейсмологик кузатувлар, кичик ҳажмдаги кемалардан бехатар фойдаланиш, сув иншоотларида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
фавқулодда вазиятлар юзага келиш хавфи ва омилларини олдиндан аниқлаш, улар вужудга келишини барвақт профилактика қилиш ва олдини олишни таъминлаш;
аҳолига фуқароларнинг ҳаёти, соғлиги ёки мулкига хавф-хатар туғилганда комплекс ёрдам кўрсатиш, халқ билан мулоқотни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан бу борада ўзаро яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, мавжуд хавф-хатарлар тўғрисида аҳолини ўз вақтида огоҳлантириш ва хабардор қилиш;
фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг фуқаро муҳофазасини ривожлантириш ва бошқарувини таъминлаш;
фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши ва ривожланиши хавфини комплекс мониторинг ва прогноз қилишни таъминлаш, мазкур соҳада гидрометеорологик ва сейсмик кузатувлар олиб бориш;
аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий хокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини, ушбу мақсадлар учун молиявий, озиқ-овқат, тиббиёт ва моддий-техник ресурсларнинг давлат захира фондларини ташкил этишга доир ишларини мувофиқлаштириш ва уларнинг самарали ҳамкорлигини ташкил этиш;
фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, мамлакат аҳолиси ва ҳудудларини муҳофаза қилиш, гидротехник иншоотлар, кичик ҳажмли кемалардан фойдаланиш хавфсизлигини самарали назорат қилиш, сув ҳавзаларида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, фавқулодда вазиятлар юзага келганда иқтисодиёт объектлари фаолиятининг барқарорлигини оширишга қаратилган тадбирларни тайёрлаш, ўтказиш ва мувофиқлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ҳамда мақсадли илмий-техник дастурлар ишлаб чиқишни ташкил этиш ва амалга ошириш;

















