Жаҳон | 15:37 / 08.06.2017
31075
2 дақиқада ўқилади

Эрондаги терактлар ортида кимлар тургани маълум қилинди

Фото: AFP

Эронда кейинги икки йил ичида 100дан ортиқ терактнинг олди олинган. Бу ҳақда журналистларга Эрон ахборот вазири (Эрон махсус хизматлари раҳбари) Маҳмуд Алавий маълум қилган.

У чоршанба куни содир этилган Теҳрондаги терактлар хусусида гапира туриб, бу терактга алоқадор бир неча киши қўлга олингани ҳақида маълум қилган.

«Тергов ишлари кетмоқда. Қўлга олинган 5 террорчи аввал Абу Айша исмли йўлбошчи билан Раққа ва Мўсулда бўлган. Ўтган йили улар Эронга қайтишган. Улар Эроннинг дин марказларида терактлар содир этишни мақсад қилишган», — деган у.

У ҳозирча ушбу терактларга Саудия Арабистони алоқадорлиги ҳақидаги маълумотни тасдиқлай олмаслигини маълум қилган.

Бундан олдинроқ Эрон Ички ишлар вазири полиция Теҳрондаги терактга алоқадорликда гумон қилиб, 5 кишини қўлга олгани, улардан бири аёл киши экани ҳақида хабар берганди.

7 июнь тонгида Теҳронда икки террорчилик акти содир этилди. 4 кишидан иборат гуруҳ Эрон парламентига ҳужум қилди ва отишма бошлади. Махсус хизматлар 3 жангарини йўқ қилди, тўртинчиси ўзини портлатди.

Шунингдек, имом Хомейни мақбарасига 2 киши бостириб кирди. Улардан бири ўзини портлатди, иккинчиси полиция билан отишма вақтида ўлдирилди.

Бу ҳужумлар давомида қурбон бўлганлар сони 17 нафарни ташкил қилмоқда, шунингдек, 40 нафарга яқин киши жароҳатланган.

Мавзуга оид