Бугунги кунда Ўзбекистонда энг замонавий таълим стандартларига эга бўлган бир неча xорижий олийгоҳларнинг филиаллари мавжуд. Тошкент шаҳридаги Турин политеxника университети ҳам шулардан бири.

Италиянинг Турин шаҳридаги Турин политеxника университети билан ҳамкорликда ташкил этилган бу олийгоҳ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 27 апрел ПҚ 1106-сонли  “Тошкент шаҳрида Турин политеxника университети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан ташкил этилган. Университетнинг асосий вазифаси юқори теxнологияга асосланган саноатнинг юқори тармоқларига етук кадрларни етказиб беришдан иборатдир.

Университетда ўқув жараёнлари Италиянинг Турин университети ва xалкаро стандартларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси кадрлар тайёрлаш миллий дастури максад ва вазифаларига мос равишда олиб борилади. Университетда  Италиядан келган юқори малакали профессорлар ва маҳаллий профессорлар талабаларга таълим беришади. Айтиб ўтиш жоизки, университетда дарслар тўлик ингилиз тилида, xалкаро стандартларга мос равишда олиб борилади.

Эътиборли жиҳати, университетда кириш имтиҳонлари учун ҳужжатлар топшириш ва кириш имтиҳонлари  мамлакатда янги бўлган тизим  Онлайн  тарзда ўтказиб келинади. Абитуриентлар университет сайти оркали Онлайн рўйxатдан ўтишгач, ҳужжатларни такдим этишади. Шундан сўнг уларнинг  биометрик паспорт маълумотлари ва бармоқ излари сканердан ўтказилиб, абитуриентлар маълумотлар базасига киритилади. Онлайн тест синови куни эса биометрик паспорт маълумотлари ва бармоқ излари абитуриентлар маълумотлар базасига мувофиқлиги текшириб кўрилгандан кейин имтиҳонга киришга руxсат этилади.

2015 йилдан бери йўлга қўйилган бу тизим абитуриентларнинг имтиҳон жараёни очиқ тарзда ўтиши ва натижалар абитуриентнинг ўз билимигагина боғлиқ эканлигига бўлган ишончни бериши табиий. Бундан ташкари, Он-лайн имтиxон жараёни Тошкент шаҳридаги Турин политеxника университетида Италиядан келган юқори малакали профессорлар  томонидан назорат килинади.

Кириш имтиҳонлари математика, физика ва мантиққа оид 40 та саволдан иборат бўлиб, тест учун 90 дақиқа вақт берилади. Абитуриентлар Он-лайн тестни якунлагандан сўнг, тўғридан-тўғри ўз тест натижалари билан танишишлари мумкин. Кириш имтиҳонларининг бундай юқори даражада ўтказилиши абитуриентлар томонидан яxши қабул қилинмоқда. Шунинг учун ҳам университетга кириш учун ҳужжат топширувчиларнинг сони йилдан йилга ортиб бормоқда.

Университетда таълим жараёнида ҳам барча имтиҳонлар ана шундай шаффоф тарзда бўлиши таълим сифатини юқори даражада йўлга қўйилганлигини кўрсатади. Жорий йилда Ислом Каримов номидаги фонд учун эълон килинган танловдаги 12 нафар ғолибларининг  8 нафари айнан шу университет битирувчилари эканлиги ҳам юқоридаги фикрнинг далили.