Жаҳон | 08:26 / 15.06.2017
12149
2 дақиқада ўқилади

Қизиқувчан аёл парвозга отланган самолётнинг фавқулодда чиқиш эшигини очиб кўрди

Пекин халқаро аэропортидан парвозга шайланган Xiamen Air авиакомпанияси самолёти йўловчиси қизиқувчанлик сабаб фавқулодда чиқиш эшигини очиб кўрди. Бу эса рейснинг бекор қилинишига олиб келди, деб хабар бермоқда РИА «Новости».

Xiamen Air авиакомпанияси вакилининг айтишича, йўловчилар ўз жойларини эгаллашгач, борткузатувчи фавқулодда чиқиш жойига яқин ерда ўтирган йўловчиларга керакли йўриқнома берган. У “одатий вазиятда авиариявий чиқиш тутқичини ушлаш керак эмас” деб тушунтирган.

Шу пайт 49-қаторда, деразанинг ёнида ўтирган йўловчи авиариявий чиқиш жойи тутқичини тортган. Полиция аёлни 12 кунга қўлга олди, рейс эса бекор қилинди.

Маълум бўлишича, авиариявий чиқиш эшиги тутқичини фақатгина фавқулодда ҳолатларда ушлаш мумкин эканини эшитган аёл йўловчи, буни “оддий вазиятда” қилиб кўришга қарор қилган. 

Воқеа рўй берган пайт бортда 113 йўловчи бўлган, уларни бошқа рейсларга ўтказиш талаб этилди. Трап ҳеч қандай зарар кўрмаган бўлса ҳам, таъмирлашнинг минимал қиймати тахминан 14,7 минг долларни ташкил қилади. Экспертларнинг таъкидлашича, йўловчи етказилган моддий зарарни ҳам қоплаб бериши керак.

Мавзуга оид