Пулни нақдлаштириб олиш — Ўзбекистонда пластик карта эгаларининг асосий муаммоларидан бири саналади. Буни қонуний йўл билан амалга оширишнинг амалда иложи йўқ. Аҳоли эса кўп ҳолатларда нақдлаштирилаётган пулнинг 10 фоизини хизмат ҳақи сифатида ушлаб қолувчи «нақдлаштирувчилар» хизматидан фойдаланишга мажбур. Маблағларини нақдлаштириш масаласи бизнес эгаларининг ҳам олдида турган жиддий масала ҳисобланади, улар ҳам «нақдлаштириш»нинг турли схемаларидан фойдаланишга мажбурдирлар.
UZ24 мустақил молиявий эксперт Александр Давлетовга мурожаат қилиб, мамлакатда нақд пул етишмовчилигига ўз таъсири кўрсатаётган сабабларни санаб ўтишни илтимос қилди.
Талаб таклифдан ортиқ
Жаҳоннинг нобозор ва энг ёпиқ иқтисодиётларида ҳам бозор қонун-қоидалари барибир ўз сўзини айтади. Бизнинг ҳолатимизда нақд пулга бўлган талаб таклифдан каррасига кўпроқдир, шу сабабли доимий етишмовчилик ва танқисликка гувоҳ бўлмоқдамиз. Танқислик бор эканки, нақд пулнинг чайқов қиймати ҳосил бўлади ва бу халқона тил билан айтганда «фоиз» ҳосил бўлишига олиб келади ва истеъмолчилар ўзларига кўрсатиладиган хизмат учун ҳақ тўлашга мажбур бўлишади.
Пул-кредит сиёсати
Нолинчи йилларнинг ўрталаридан бошлаб Ўзбекистоннинг пул-кредит ҳокимияти инфляцияни бир маромда ушлаб туриш мақсадида пул массасининг муомалага чиқарилишини бюрократик усулларда қисқартиришга ҳаракат қилиб келмоқда. Ёпиқ иқтисодиёт, масалан, Шимолий Кореяда айланмада нақд пулнинг кўпайиши чиндан ҳам инфляцияни ҳаракатга келтирувчи омил ҳисобланади. Бироқ бозор муносабатлари ёки унга босқичма-босқич ўтиш шароитларида бу инфляцияга доир муаммоларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлувчи асосий омил ҳисобланмайди.

Мустақил экспертларнинг умумий фикрича, 2000-йиллардан бошлаб инфляциянинг бош сабаби — монополиялар тарифининг ўсиши ёки харажатларнинг ортиши каби номонетар омиллар ҳисобланади. Монетар омиллар ҳам, албатта, инфляцияга таъсир кўрсатади, бироқ имтиёзли кредитлаш ва паст нобозор фоиз ставкалари (амалда — манфий ставкалар) муомаладаги нақд пуллардан кўра каттароқ инфляцион босим юзага келтиради. Нақд пуллар ҳажмини сунъий камайтириш сиёсатидан воз кечиш ва келгусида уни адекват даражагача ўстириш — бугунги иқтисодий вазиятда Марказий банк янги раҳбарияти учун кун тартибининг ўта критик масаласи ҳисобланади.



















