Рамазон – пайғамбарлар орзу қилган ой. Бу ой Қуръон ўқиш, хайру саховот улашиш ва меҳр кўрсатиш мавсумидир. Айниқса, бу ойда муборак бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечани ибодат билан ўтказса, бошқа пайтда минг ой ибодат қилгандан кўп савобга эришади. Бу ҳақда muslim.uz сайтида Абдувоҳид Ўрозов тайёрлаган мақола эълон қилинди.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Рамазон ойи келганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ сизларга бу ойда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Ким ундаги яхшиликлардан маҳрум бўлса, маҳрум қилинади”, дедилар (Имом Насаий).
Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигидадир. Ким унда имон билан Аллоҳ розилиги учун ибодат қилса, албатта, Аллоҳ аввалгию кейинги гуноҳларини кечиради. У тоқ кечада бўлади. Тўққизинчи ёки еттинчи ёки бешинчи ёки учинчи ёки охирги кеча қадр кечасидир”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Кўп уламолар хулосасига кўра, Қадр кечаси йигирма еттинчи кечадир
Саҳоба Зирр (розияллоҳу анҳу) Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)га: «Биродарингиз Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ким бир йил тунлари қоим бўлса, Қадр кечасини топади”, деб айтганлар», деганида, Убай ибн Каъб: “Аллоҳ Абу Абдураҳмон (Ибн Масъуд)ни мағфират қилсин. Ҳақиқатда, у Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эканини билар эди. Бу кеча йигирма еттинчи кечадир, лекин одамлар шунга суяниб қолмаслиги учун айтмасди, – деди. Сўнг қатъий қасам ичиб: – Йигирма еттинчи кечада, деди. Шунда мен: “Эй Абу Мунзир, нима далил билан шундай дейсан?” дедим. У зот: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга айтган белги билан: у кун қуёш шуъласиз чиқади”, деб жавоб берди (Имом Муслим ва Теримизий ривояти).
Абдуллоҳ Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бир қанча саҳобалари “Лайлатул қадр”ни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида бўлишини тушларида кўришди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг тушларингиз “Лайлатул қадр” Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида эканига мувофиқ келади. Кимки “Лайлатул қадр”ни кутмоқчи бўлса, Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида кутсин!”, дедилар”















