Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 2-3 июнь кунлари Андижон вилоятида бўлиб, жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, иқтисодиётда инвестиция лойиҳалари ижроси билан яқиндан танишиб, бажарилиши лозим бўлган долзарб вазифаларни аниқ кўрсатиб ўтди.
Кеча Пахтаобод туманида вилоят ва туман ташкилотлари раҳбарлари, фаоллар, аҳоли вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда ана шу масалалар ижроси хусусида атрофлича сўз юритилди. Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган йиғилишда Президентнинг давлат маслаҳатчиси Рустам Комилов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Ортиқбек Юсупов, вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этдилар.

Йиғилишда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш бўйича тизимли иш ташкил этиш, жамоатчиликнинг кучига таяниб, нафақат жиноят оқибатлари билан шуғулланиш, балки унинг олдини олишни тизимли ташкил этишга тўҳталиб ўтилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мутасаддилари туман миқёсида амалга оширилган ишлар хусусида ахборот бердилар.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Аҳмадали Мамадалиев вилоятда, Пахтаободда амалга оширилаётган ишларни мисоллар асосида келтирди.
Туманда тиббий хизмат сифатини янада ошириш, ихтисослашув йўлига ўтиш, санитария маданиятини юксалтириш борасида ҳам ҳал қилиниши зарур муаммолар тўпланиб қолган. Айниқса, мақсадли, малакали, узлуксиз тиббий хизмат такомиллаштирилиши даркор.

Илгари барчамиз муаммо туғилиши билан вилоят шифохоналарига шошардик ва бу турли зиддиятларни келтириб чиқарар эди. Энди хоҳ марказда, хоҳ қишлоқда бўлсин, тиббиёт муассасаларини замонавий лойиҳалар ва жиҳозлар билан таъминлаш орқали муаммоларга ечим топиляпти. Туманнинг ўзида ҳозир 23 турдаги дори-дармон тайёрланмоқда. Бироқ, умумий амалиёт ва тор мутахассисликлар бўйича 28 нафар шифокор етишмайди. Андижон давлат тиббиёт институти битирувчиларини Пахтаободга келиб иш бошлашлари учун нима тўсқинлик қиляпти?

Вилоят бош имом хатиби Нуриддин Ҳолиқназаров ёшлар тарбиясидаги муаммолар хусусида сўз юритиб, имом хатибларимиз аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида диний экстремизм, терроризм ҳамда диний мутаассибликнинг олдини олиш юзасидан тизимли иш қандай ташкил этилаётгани ҳақида гапирди.



















