Ўзбекистонда киши бошига 3600 куб сув тўғри келади. 28 июнь куни Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган йиғилишда Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий тадқиқот институти, лаборатория мудири, профессор Фурқат Ғаффоров шундай маълумот билан бўлишди. Бу ҳақида тадбирда иштирок этган "Кун.уз" мухбири хабар берди.
Ер куррасининг 70 фоизи сув бўлса, бунинг атиги 3 фоизи - ичимлик суви. Бироқ шу 3 фоизнинг 2 фоизи - Шимолий Қутб билан Антрактидада. Демак, бугунги кунда 7 миллиард инсонга 1 фоиз сув тўғри келади.
Маълум бўлишича, профессор Ғаффоров кўплаб хориж мамлакатларида бўлган ва шундан келиб чиқиб, бизнинг юртимизда ҳам сувга ва умуман, табиий ресурсларга бўлган муносабатни ўзгартириш кераклигини таъкидлади.

"Германияда хизмат сафарида бўлганимда бир ҳамкасбимизнинг уйида ётиб қолдим. Душ қабул қилишга кирдим, бироздан сўнг эшик тақиллади. Уй эгаси "Доктор Ғаффоров, тинчликми?" деб сўради. Ҳайрон бўлдим, "Ҳа, тинчлик" дедим. Чиққанимдан кейин "Кечирасану дўстим, жуда узоқ қолиб кетдинг" деди. Мен "Ие, бу ахир Германия, дарёлар, сув омборлари бўлса, ҳамма ёқдан сув келиб турса" десам, "Йўқ, биз бу сувнинг қадрига етишимиз керак" деди ва XVII асрда Европада сув танқислиги кетидан ҳалокатли юқумли касалликлар келиб чиққани ҳақида айтиб берди.
"Сув - кўпчиликнинг ҳаққи, унга хиёнат қилиб бўлмайди. Тарихга мурожаат қилинса, сувни деб давлатлар ўртасида катта урушлар келиб чиққан. Ҳиндистон билан Покистон ўртасидаги зиддият ҳам бунга мисол бўла олади.
Марказий Осиё мамлакатларидан бири (айнан қайси мамлакатлигига аниқлик киритилмади, қўшни давлат дейилди) бир киши бошига 5600 куб сув сарфлар экан. Германия ё Исроилни олсак, 1200 литр. Минг афсуски, Ўзбекистонда ҳам киши бошига 3600 куб сув тўғри келади. Бу жуда фожиали ва ачинарли ҳол.
Электр энергиясига келсак, Ҳолландия, Бельгия, Ла-Манш ва Болтиқ бўйидаги шамол орқали электр энергия олинади. Туркияда экологик безарар электр энергиядан фойдаланилади. Лекин негадир бизда эгаси йўқдек, бамисоли бу "оқиб турган дарё оқиб туради, ёниб турган чироқ ёниб турадигандек". Ваҳоланки, бунинг тагида жуда катта ўғирлик бор, - дейди профессор.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, Ўзбекистон майдони 447 минг квадрат километр бўлса, унинг 71 фоизи - чўл, 14 фоизи - тоғ, қолган 15 фоизида қарийб 33 миллион аҳоли яшайди. Аҳоли жуда зич жойлашган ва табиийки, электр энергия ва сувга бўлган талаб юқори.
















