Айни пайтда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Халқаро пресс-клубда Ўзбекистондаги ва хориждаги ҳамюртлар билан учрашув ўтказмоқда ва саволларга жавоб бермоқда.

Жонли мулоқот Абдулазиз Комиловнинг нутқи билан бошланди. Нутқ матни ТИВ сайтида келтирилди.

Қадрли юртдошлар,

Ҳурматли видео-анжуман қатнашчилари, оммавий ахоборот воситалари вакиллари.

Аввало, кенг доирадаги ватандошларимиз билан учрашиш имкониятини яратиб берганликлари учун бугунги тадбир ташкилотчилари – Халқаро пресс-клуб, Миллий телевидение, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига миннатдорлик билдиришга рухсат бергайсиз.

1. Ўзбекистон Президенти муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан эълон қилинган «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да Ташқи ишлар вазирлиги чет элда Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашни ўзининг асосий устувор вазифаларидан этиб белгилаб олган.

Президент Виртуал қабулхонасининг ишга тушиши билан бир вақтнинг ўзида хорижда дипломатик хизматда бўлган катта тажрибага эга консуллик ходимлари ва халқаро ҳуқуқшунослардан иборат фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича Махсус ишчи гуруҳи ташкил этилди. Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятининг фуқароларни қабул қилиш кунлари тасдиқланди.

Вазирлик номига ўтган йилнинг октябрь ойидан то бугунги кунгача бўлган даврда жисмоний ва юридик шахслардан 6,5 мингдан зиёд аризалар келиб тушди. Улардан 3 мингга яқини – Президентнинг виртуал қабулхонаси, қарийб 3,5 мингтаси – вазирнинг виртуал қабулхонаси, Ягона интерфаол хизматлар портали, вазирликнинг фейсбук тармоғидаги расмий саҳифаси ва электрон почта орқали келган.

Фуқаролардан тушаётган мурожаатларнинг асосий қисмида қуйидаги масалаларни ҳал этишда кўмаклашиш сўралади:

- шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар йўқолган ҳолатларда ватанга қайтиш гувоҳномасини расмийлаштириш;

- эски намунадаги ёки ҳақиқийлик муддати ўтиб кетган паспортларни янги биометрик паспортга алмаштириш;

- чет элда вафот этган туғишганлари ва яқин қариндошларининг ўлим сабабларини аниқлаш;

- хорижий давлатлар ҳудудларида Ўзбекистон фуқароларига нисбатан қўзғатилган жиноий ишларнинг холис олиб борилишини таъминлашда ёрдам кўрсатиш,