Абитуриентлар қабул комиссиясига ўрта махсус дипломнинг нотариал тасдиқланган нусхасини топшириш шарт эмас. Бу ҳақда Xushnudbek.uz сайти батафсил маълумот берган.
Бугун нотариус сифатида фаолият юритадиган танишим қабул жараёнлари бошлангандан буён абитуриентлар коллеж ёки лицей дипломини нотариал тасдиқлаш юзасидан жуда кўп мурожаат қилаётганини, ҳар куни юздан ортиқ яқин мана шундай нотариал ҳаракатни амалга ошираётганини айтиб қолди.
“Албатта, биз нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқарога асоссиз рад жавоби беришга ҳаққимиз йўқ, шунинг учун уларга диплом нусхасини тасдиқлаб беряпмиз, аммо аслида абитуриентлар қабул комиссияларига бундай ҳужжатни топшириши шарт эмаску”, – деган фикрни айтган суҳбатдошим мендан шу масалага аниқлик киритиб беришимни сўради.
Хўш, абитуриентлар ҳақиқатдан ҳужжат топшириш вақтида ўрта махсус дипломининг нусхасини нотариал тасдиқлаши шартми?
Жавоб: ЙЎҚ, ШАРТ ЭМАС!
2017 йил 20 июндаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 393-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 12-бандига кўра, абитуриент олий таълим муассасаси қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- ариза;
- умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси;
- 086-У-шакл бўйича тиббий маълумотнома;
- паспорт (паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома)нинг нусхаси;
- 3.5 x 4.5 см ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат;
- махсус сиртқи бўлим абитуриентлари учун меҳнат дафтарчасидан белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма ва ишлаб турган соҳадан тавсиянома.
Шунингдек, айрим абитуриентлар учун қуйидаги ҳужжатлар ҳам зарур:
- Тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар ва I гуруҳ кўзи ожиз ногиронлар ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни топширадилар.
















