Ўзбекистонда судлар видеоконференцалоқа режимида олиб борилиши мумкин
Фуқаролик, жиноят ва маъмурий ишларни кўришда суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишнинг айрим масалалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси олий суди пленумининг қарори қабул қилинди.
Олий суд раиси К.Камилов томонидан 24 июнь куни имзоланган Пленум қарори фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари — суд процесси иштирокчиларининг суд орқали ҳуқуқларини ҳимоя қилинишида янада қулай шарт-шароитлар яратиш, одил судловга эришиш даражасини ошириш, молиявий ва вақт харажатларини қисқартириш, шунингдек, ишларни кўришда тезкорликни таъминлаш ва процессуал муддатларни тежаш мақсадида қабул қилинди, дейилади қарор матнида.
Судларга тушунтирилишича, бундан буён, процессуал қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилгунга қадар, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар ҳамда маъмурий судлар процесс иштирокчиларининг розилиги билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судларида ўрнатилган телекоммуникацион технологиялардан фойдаланган ҳолда суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга ҳақли.
Бунда, суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишнинг зарурий шарти ишда иштирок этувчи шахслардан лоақал биттаси бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) ҳудудида, яъни ишни кўраётган суд жойлашган ҳудуддан ташқарида жойлашган бўлиши лозимлиги ҳисобланади.
Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси деганда, реал вақт режимида телекоммуникация технологиялари воситасида аудио- ва видео- ахборотлар алмашинуви имкониятларидан фойдаланган ҳолда ишни кўраётган суд ва суд мажлисини ўтказишга кўмаклашаётган суд ўртасидаги интерактив ўзаро таъсир қилиш йўли билан масофадан суд мажлисини ўтказиш тушунилади.
Ишни кўраётган суд деганда, иш юритувида бўлган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва маъмурий суд тушунилади.
Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд деганда, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказиш учун техник ва бошқа шароитларни таъминлаётган ва ишни кўраётган суд ҳудудидан ташқарида жойлашган иқтисодий суд тушунилади.
Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишда иш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал ва Жиноят-процессуал кодексининг умумий қоидаларига мувофиқ кўрилади.
Ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида ва видеоконференцалоқа режимида суд мажлисларини ўтказишда судлар Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Хўжалик судлари томонидан видеоконференцалоқа режимида суд мажлисларини ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида» 2014 йил 28 ноябрдаги 270-сонли қарорининг қоидаларини ҳам қўллашлари лозим.
Қайд этиш жоизки, мазкур амалиёт иқтисодиёт судлари (илгари хўжалик судлари)да 2014 йилдан буён муваффақиятли қўлланилиб келинаётган эди. Технологиялардан бу тарзда фойдаланиш анча оворагарчиликлар ва қўшимча харажатларнинг олдини олаётган эди.
Мисол учун, даъвогар жавобгар истиқомат қиладиган ёки рўйхатда турадиган бошқа вилоятга бормасдан, ўзи яшайдиган жойдаги хўжалик судида суд жараёнига борар эди.
Мавзуга оид
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
08:48 / 09.11.2024
Кўп квартирали уйларни бошқариш органи қарзни судда ундиришда олдиндан давлат божини тўлашдан озод қилинди
19:12 / 31.10.2024