Жаҳон | 14:52 / 06.07.2017
6507
2 дақиқада ўқилади

Борис Жонсон: «Трамп каби твитлар ёзишни хоҳлайман. У одамларни сиёсатга қизиқтирмоқда»

Фото: © РИА Новости

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон АҚШ президенти Доналд Трампнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига ҳавас қилишини айтди.

Унинг айтишича, Трампнинг твиттерда ёзаётган гаплари одамларни сиёсатгa қизиқтирмоқда. Айни вақтда Британия ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаётган собиқ Лондон мэри Жонсон худди Трамп каби твитлар ёзишни хоҳлашини айтди.

«Трампнинг сиёсатга бўлган ёндашувини ёқлайман. У ўзининг твитлари орқали одамларнинг эътиборини сиёсатга қаратмоқда. Мен худди у каби твитда ёзишни орзу қиламан, лекин аниқ бунга имкон беришмайди. Мени бу борада жуда яхши назорат қилишади», дейди Жонсон ВВC учун берган интервьюсида.

АҚШнинг кўпчилик фуқаролари Трамп твиттерда бунчалик кўп ёзишни бас қилишини айтмоқда. Бироқ президент бу ишидан қайтмаслигини билдирган.

Трамп твиттер орқали ўзи ҳақида хабарларга муносабат билдиради. Таъкидлаш жоиз, Трампнинг иккита аккаунти бор. Бири АҚШ президентининг расмий аккаунти @POTUS (President of The United States of America), иккинчиси эса президентнинг шахсий аккаунти @realDonaldTrump.

Трампнинг президент сифатидаги аккаунтини (@POTUS) 19 миллиондан кўпроқ одам кузатади. Ўзининг шахсий аккаунтида эса 33 миллиондан кўпроқ фолловери бор. Расмий твиттерида унинг ташрифлари билан боғлиқ хабарлар ёзилади ва уни Трампнинг ўзи юритиши аниқ эмас. Бироқ @realDonaldTrump аккаунтида Трамп ҳар қандай мавзудаги твитларни ўқувчилари билан бўлишади. Уни президент хавфсизлик ташкилоти томонидан тасдиқланган гаджети орқали юритади.

Мавзуга оид